14:48 | 01.01.23

                       

Россияда Украинадаги урушга жалб қилинган 6 нафар ҳарбий қидирилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор

Ростовда «Вагнер»нинг олти нафар жангчиси қидирувга берилган, улар хусусий ҳарбий компаниянинг ўқув маркази ҳудудидан қочиб кетган. Улардан уч нафари Ўзбекистон, бир нафари Россия, бири Беларусь ва яна бири Қирғизистон фуқароси бўлган

Россиянинг Ростов вилоятида «Вагнер»нинг олти нафар жангчиси қидирувга берилган, улар хусусий ҳарбий компаниянинг ўқув маркази ҳудудидан қочиб кетган. Бу ҳақда «Царьград» хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа хусусий ҳарбий компаниянинг ўқув маркази ва полигони жойлашган Луганск вилоятининг Краснодон туманида содир бўлган. Улардан уч нафари Ўзбекистон, бир нафари Россия, бири Беларусь ва яна бири Қирғизистон фуқароси бўлган.

Маълум қилинишича, бир неча кун аввал «Вагнер» гуруҳига Россиядаги қамоқхоналарда сақланган маҳбуслар келтирилган. Бироқ украиналикларга қарши курашиш уларнинг режасига кирмаган. Қуролланган ҳарбийлар имконият пайдо бўлиши билан қочишга муваффақ бўлган. Ростов вилояти ИИВ Бош бошқармаси ушбу воқеани текширмоқда.

Аввалроқ Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка чақирганди. Кейинроқ Путиннинг қисман сафарбарлик ҳақидаги қарори эълон қилинганидан сўнг агентлик яна бир бор ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, агентлик ўзбекистонликларни Россиядаги оммавий намойишларда қатнашмасликка чақирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: