20:54 | 16.01.24

                       

Россиянинг Самара вилоятидаги аварияда уч нафар ўзбекистонлик вафот этди

Давлат рақами Ўзбекистонники бўлган машинада етти киши бўлган.

Россиянинг Самара вилоятида бугун, 16 январ куни йирик ЙТҲ содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, уч нафар ўзбекистонлик воқеа жойида вафот этган.

Келтирилишича, Москва вақти билан соат 13:00 ларда Самара вилоятининг Ставрополск тумани М-5 автомобил йўлининг 947 километрида ҳаракатланган Lada Largus машинаси ва «Газел» русумли юк автомобили тўқнашиши оқибатида Lada Largus машинасида бўлган жами етти нафар Ўзбекистон фуқароларидан уч нафари воқеа жойида вафот этган.

Тўрт нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва уларга тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Маълум қилинишича, ФВВ ,ИИВ, ССВ, ТИВ, Транспорт вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда вафот этган ва жабрланган фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  11 январ куни Россиянинг Пенза вилоятида содир бўлган ЙТҲда етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Мирзиёев вафот этган ва жабрланган фуқароларни Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида олиб келишга топшириқ берганди. Шундан сўнг, аварияда ҳалок бўлганлар Урганчга олиб келинди. Жароҳатланган фуқароларнинг яна бир нафарига Пенза шаҳридаги шифохонада тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: