15:36 | 27.01.24

                       

Самарқандда 2,2 млрд сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбари қўлга олинди

Бу пуллар аслида аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ажратилган.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Келтирилишича, туманда жойлашган «З.Б.» МЧЖ раҳбари Р.Э. аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида банк муассасасидан ажратилган 2,2 миллиард сўм имтиёзли кредит эвазига картошка маҳсулотини импорт қилмасдан ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Бундан ташқари, у 497,9 миллион сўм солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Навоий ва Сурхондарёда кредит маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланганди. Шунингдек, Самарқандда сохта «банк оператори» иккита аёл номига 54 миллион сўмлик онлайн кредит расмийлаштиргани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: