11:55 | 13.05.21

                       

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев телефон орқали мулоқот қилди

Давлат раҳбарлари бир-бирини Рамазон ҳайити муносабати билан табриклади

Шавкат Мирзиёев 13 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирини табриклаб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Суҳбат давомида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Пандемия оқибатларига қарамай, кўп қиррали Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлиги юқори суръатда ривожланиб бораётгани қайд этилган.

2021 йилнинг биринчи чорагида товар айирбошлаш 28 фоизга кўпайган, саноат кооперацияси дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда, транспорт ва логистика соҳасида йирик лойиҳалар тайёрланмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда.

Шунингдек, суҳбатда Марказий Осиё минтақасида барқарорликни таъминлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан телефон орқали мулоқот қилганди. Суҳбат давомида давлат раҳбарлари бир-бирини Рамазон ҳайити билан табриклаб, Шарқий Қуддусдаги вазиятдан хавотирда эканини билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: