11:19 | 14.11.23

                       

Сирдарё ва Андижон вилоятларида аҳолига ажратилган кўмир талон-тарож қилингани аниқланди

Омборнинг масъул шахслари ҳужжатларни сохталаштириб, кўмирни бошқаларга пуллаган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар беришича, Андижон ва Сирдарё вилоятларида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган кўмирни ноқонуний сотиб юбориш ҳолатлари аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Избоскан туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Избоскан кўмир омбори масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 1007,9 тонна кўмирни 303 сўмдан сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган.

Кўмирни эса бошқа шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шунингдек, департаментнинг Пахтаобод туман бўлими томонидан ҳам шундай текширув ўтказилган.

Натижада «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Пахтаобод кўмир омбори масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 873,2 тонна кўмирни 303 сўмдан сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, амалда ушбу кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборгани ва ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Шунга ўхшаш ҳолат, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳам кузатилган.

Сайхунобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Бахт кўмир омбори масъул шахслари ва бошқалар ҳудуддаги еттита маҳаллада яшовчи аҳолига имтиёзли нархда кўмир сотилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, 464,6 тонна кўмирни бошқа шахсларга нақд пулга сотиб юборгани ва кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Наманган ва Фарғонада аҳолига ажратилган кўмирни сотиб юборган омбор мудирлари ушлангани ва Андижоннинг учта туманида аҳоли учун ажратилган кўмир мансабдор шахслар томонидан «туя қилингани» хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: