21:17 | 29.01.24

                       

Сирдарёдаги АЁҚШда сифатсиз бензин сотилгани маълум бўлди

АI-92 маркадаги салкам 11 минг литр бензиннинг сифати давлат стандартларига тўғри келмаслиги аниқланган.

Сирдарё вилоятидаги АЁҚШлардан бирида сифатсиз бензин сотилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ўзэнергоинспекция» Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг «I.P.» МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текширув ҳужжатлари ўрганилганда, ушбу АЁҚШда 10 минг 730 литр АI-92 маркали автобензиннинг октан сони бўйича сифат кўрсаткичи давлат стандарти параметрларига мос келмаслиги аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Шунингдек, МЧЖ томонидан мижозларга сифатсиз ёқилғи сотилганлиги натижасида 12 нафар фуқаронинг автотранспорт воситасига 103,2 миллион сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сурхондарёда сифатсиз бензин сотилаётган «заправка»лар аниқланганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёқилғи шохобчаларидаги АI-80 бензини машина двигателини ишдан чиқариши мумкинлиги ҳақда хабар берилиб, «Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассиси ушбу маркадаги бензиннинг сифати ҳақида Bugun.uz’га маълумот берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: