20:27 | 22.11.23

                       

Тез ёрдам бепул бўлиши керакми ёки пуллик?

Bugun.uz Ўзбекистон ҳамда жаҳон мамлакатларидаги тез ёрдам хизмати тўғрисида маълумот беради

Бугунги кунда Тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланмаган фуқаро  бўлмаса  керак. Бир уриниш билан 103 рақамини терасиз ва дарҳол шифокорлар уйингизда ҳозир-у нозир бўлишади. Кўтарилган қон босимидан тортиб шикастланган тана аъзомизгача бўлган касалликларга даво топадилар. Одатда Тез тиббий ёрдам фаолияти ҳамда ундан қай ҳолларда фойдаланиш кераклиги тўғрисидаги маълумотлар болалар боғчаси ва мактаб вақтидан бошлаб таништириб борилади.

Тез ёрдам машинаси
Фото: Bugun.uz

Лекин, одамлар орасида бу соҳани қадрига етмаслик ҳолатлари учрамоқда. Камдан кам мамлакатлардагина бепул ҳисобланган бу ёрдамни қадрлашимиз кераклигини улар билишармикан?

Bugun.uz ўз муштарийларига Тез тиббий ёрдам тўғрисида маълумотлар, қизиқарли фактлар, видео ҳамда фотоларни тақдим этади.

Тез тиббий ёрдам хизматининг тарихи

Бу хизмат илк бора Нидерландияда, 1417 йил жиҳозланган шаклда ташкил этилган. Бу даврда, Нидерландияда каналлар ва сув ҳавзаларининг кўплиги ҳамда уларда одамларнинг тез-тез чўкиб, ҳалок бўлаётгани сабаб тиббий хизматга эҳтиёж сезилган. Тез тиббий хизматнинг асосий вазифаси сувда чўкиб кетганларни қутқариш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлган.

Европанинг йирик шаҳарларида эса шошилинч тиббий ёрдам хизматлари  19 асрнинг  охирида пайдо бўла бошлаган. Шу билан бирга, европаликлар томонидан юра олмайдиган ва аҳволи оғир беморларни ташиш учун махсус вагонлар (от аравага ўрнатилган) ҳам ишлаб чиқилган.

Тез ёрдам хизмати фойдаланган от арава
Фото: AmbiPalm

Ушбу от аравалар «тез ёрдам» деб номланган. Тез тиббий ёрдам, шу жумладан, ихтисослаштирилган шошилинч тиббий ёрдам фуқароларга касалликлар, бахтсиз ҳодисалар, жароҳатлар, заҳарланишлар ва шошилинч тиббий аралашувни талаб қилган ҳолатларда кўрсатилган. Асрлар давомида тез тиббий ёрдамнинг ривожланиши ва такомиллашуви урушларга боғлиқ бўлган. Яъни, ярадор аскарга шошилинч ёрдам кўрсатишнинг турли усуллари ўйлаб топилган ва бу ҳолатлар босқичма-босқич оддий фуқароларга ҳам қўлланила бошланган.

МДҲ мамлакатларида Тез тиббий ёрдам

Ўзбекистонда тез ёрдам ва биринчи ёрдам кўрсатиш бепул. Фақат даволаш ва стационар даволаш амалиётлари пул маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Россияда ҳам тиббий ёрдам давлат фуқаролари ҳамда хорижликларга бепул ҳисобланади. Лекин, хусусий клиника томонидан амалга оширилган шошилинч ёрдам пуллидир.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белоруссия, Украина, Арманистон давлатларида ҳам тез тиббий ёрдамлар бепул амалга оширилади. Албатта, ҳар бир мамлакатда бу хизматлар бепул ва пулли бўлиши билан бир қаторда, сифат даражалари ҳам турличадир.

Америкада Тез тиббий ёрдам

Америка Қўшма штатларида тез ёрдам чақиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришингиз керак. Чунки, АҚШда тиббиёт пуллик ва у ердаги тизим хусусий шифохоналар билан бир хил. Агар тез тиббий ёрдам хизматига эҳтиёж туғилса, тиббий тўловларни ва ҳатто  тез ёрдам машинаси учун ҳам алоҳида ҳақ тўлаш керак. Агар беморда доимий тиббий суғурта бўлса ва унга ҳар ой пул тўлаб турилган бўлсагина хизмат бу ҳисобдан олиб қолиниши мумкин.

Америкалик Тез тиббий ёрдам шифокорлари
Фото: media.nbcconnecticut.com

АҚШ даги ҳар бир штат ва ҳатто туман ҳокимияти 911 рақамига амалга оширилган қўнғироқларга жавоб берадиган тез тиббий ёрдам хизматини ўзига хос тарзда ташкил қилган.

Европа ва дунё мамлакатларида Тез тиббий ёрдам

Буюк Британияда аксарият тиббий хизматлар, жумладан, шошилинч ёрдам, мамлакат аҳолиси ва Европа иқтисодий ҳудуди норезидентлари учун бепул ҳисобланади. Бироқ, норезидентлар учун даволаниш Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ставкаларининг 150 фоизини ташкил қилади. Ҳужжатсиз муҳожирлар ёки Европадан бўлмаган мамлакат меҳмонлари учун фақат фавқулодда ёрдам бепул бўлиши мумкин. Аммо бу ёрдам бемор ўлим ёқасида қолсагина амалга оширилади.

Туркия шифокорлари фойдаланадиган Тез тиббий ёрдам автомобили
Фото: Flickr

Германияда тиббий ёрдам нархи 100 евродан 300 еврогача. Туркияда эса суғуртаси мавжуд беморларгагина тиббий ёрдам кўрсатилади. Агарда бемор суғурта қилинмаган бўлса, тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг албатта тўлов қоғози кўрсатилади.

Дубайда 2008 йилдан буён тиббий ёрдам пулли бўлиб, 600-1200 дирҳамгача белгиланган. Бу нарх беморнинг тиббий суғуртасига боғлиқ. Швейцарияда эса, тез тиббий хизмат 700-12000 франккача қилиб белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: