16:55 | 04.02.24

                       

Тошкент вилояти ва Бухорода пора эвазига ҳужжатларни расмийлаштириб бермоқчи бўлган мансабдорлар ушланди

Тошкент вилоятида бош мутахассис 10 минг доллар, Бухорода эса архитектор 5 минг доллар порани олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент вилоятида бош мутахассис, Бухорода эса архитектор ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси маҳаллий тадбиркор томонидан Ўрта Чирчиқ туманида қурилган 3 қаватли савдо мажмуаси биносини фойдаланишга қабул қилиб бериш, шунингдек, бинонинг техник хулосаси, кадастр ва бошқа ҳужжатларини тегишли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса «Ўзбекистон шаҳарсозлик бўйича лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти» архитектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб ҳамда Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасидаги танишлари орқали, Бухоро шаҳрида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга тегишли 8 сотих ер майдонида бино-иншоотлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, шаҳарнинг бош режасига қўшиш ҳамда архитектура-лойиҳалашдан ўтказишда ёрдам бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211 (пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ Наманганда жиноят ишлари бўйича суд раиси 2 минг доллар пора билан қўлга тушган эди. Шунингдек, Фарғонада бир нечта мансабдорлар пора билан ушланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: