9:42 | 15.09.23
Уларнинг барчасига ич бузилиши ташхиси қўйилган.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 18 нафар боғча боласи ич бузилиши ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 13-14 сентябр кунлари Ангрен шаҳридаги 1-сонли боғчада 3 нафар, 10-сонли боғчада 14 нафар ҳамда 37-сонли боғчада 1 нафар тарбияланувчи бирламчи ич бузилиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Айни пайтда барча бемор болалар шифокорлар назорати остида экани маълум қилинган.
Мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олинган.
«Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳудудий бўлими томонидан якуний экспертиза хулосаси чиқмагунига қадар турли маълумотлар берилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги Ахборот хизмати маълумотларни фактлар асосида тарқатилишини тавсия этади», – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябр ойида Фарғонадаги боғчалардан бирида ҳам 20 дан ортиқ бола овқатдан заҳарланганди. Шундан сўнг, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни ўша йилнинг сентябр ойида Фарғонада яна 41 нафар бола овқатдан заҳарланганди. Шунингдек, бундай ҳолат Навоийда ҳам кузатилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: