11:53 | 02.12.23

                       

Тошкентда жиноий гуруҳларни қўлга олиш бўйича йирик рейдлар ўтказилмоқда

Тадбир ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ташкил этилган.

Тошкент шаҳар ИИББ пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, ушбу тадбирлар шаҳар ҳудудида жиноятларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар! Хавфсизлик қоидаларига риоя этишингизни ва хавотирга берилмаслигингизни сўраймиз. Барча ҳаракатлар шаҳримизнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда» дейилган шаҳар ИИББ хабарида.

Bugun.uz манбаларига таяниб, Ўзбекистон махсус хизмати томонидан бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган йирик операция давомида турли жиноий гуруҳларнинг юзлаб оддий ва юқори мартабали аъзолари, жумладан, «криминал авторитет»лар панжара ортига жойлаштирилгани ҳақда хабар берганди.

Хусусан, Ўзбекистон жиноят олами етакчиси деб қараладиган, «Вор в законе» Бахти Ташкентский, шунингдек, унга яқин одамлар ҳам қўлга олинган.

Мазкур рейдлар «Ҳумо» аренасидаги тартибсизликлар фонида Тошкентдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган.

Махсус хизматлар тергов давомида Миллий гвардия билан тўқнашув иштирокчилари орасида Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан келган жиноий гуруҳларининг кўплаб вакиллари борлигини аниқлаган. Шунингдек, тезкор ходимларнинг сўзларига кўра, айнан мафия қалбаки чипталар савдоси билан боғлиқ бўлган.

Маълумотларга кўра, Jah Khalib концертига жами 12 минг киши келган, бироқ атиги 9 минг киши ҳақиқий чиптага эга бўлган, қолган чипталар сохта бўлган.

Bugun.uz манбасига кўра, махсус операцияга тайёргарлик бир неча ой олдин бошланган ҳамда махсус хизматлар рейднинг барча деталларини аниқ ишлаб чиққан бўлган.

Humo arena яқинидаги тартибсизликлардан сўнг республиканинг барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарияти билан бир неча бор ёпиқ мажлислар ўтказилиб, махсус операцияни тезлаштиришга қарор қабул қилинган ва кенг кўламли тозалаш операцияси бошланган.

Қайд этиш керак, Миллий гвардия расмий муносабатида мафия вакиллари билан тўқнашувлар содир бўлганини рад этмоқда.

Bugun.uz махсус операциянинг барча тафсилотларини қўлга киритиб, Ўзбекистон бўйлаб махсус хизмат томонидан ўтказилган рейдлар давомида жиноий гуруҳларнинг 200 дан ортиқ аъзолари, асосий раҳбарлари қўлга олинганидан хабар топди.

Нашрнинг ишончли манбаларига кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда кучайиб бораётган жиноий олам вакилларига қарши кескин чораларни қўллашни маълум вақтдан бери режалаштириб келган. Бунга хавфсизлик кучларининг ўз агентларидан олган маълумотлари, шунингдек, турли соҳалардаги тадбиркорларнинг «кўча болларидан» босим бўлаётгани ҳақидаги кўплаб мурожаатлари сабаб бўлган.

Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, жиноятчилар ноқонуний қиморхоналарни тўлиқ назорат қилган. Улар ичида ҳатто ноқонуний ўйин автоматлари жойлашган казинолар ҳамда фақат тор доирадаги одамлар кириши мумкин бўлган покер клублари бўлган.

Айниқса, куч ишлатар идораларни жиноятчилар турли мансабдорларга пора бериб, уларни «сотиб олиши» орқали коррупциянинг ривожланишига ҳисса қўшиши жиғибийрон қилган. Тадбиркорлар эса асосан 90-йилларда қолиб кетган шантаж, товламачилик ва рэкетдан шикоят қилишган. Қайд этилишича, тошкентлик йирик тадбиркорлардан бири ҳам мафиянинг товламачилик ўйинлари қурбони бўлган. Жиноятчилар унинг асосий бизнесидан улуш ҳамда бошқа бир лойиҳаларидан «доля» талаб қилишган (Тадбиркорнинг исми Bugun.uz нашрига маълум бўлишига қарамасдан, ушбу маълумот тергов жараёнларига таъсир қилмаслиги учун унинг исми тилга олинмайди).

Суриштирувлар жиноят оламининг энг юқори чўққисида ўтирган – «Бахти Ташкентский» ва унинг укаси Дилшодга олиб борган. Бахти тадбиркорлардан ўлпон ундиришни йўлга қўйган.

Бу ака-укадан ташқари, жиноий оламнинг бошқа «кўзга кўринган» шахслари ҳам махсус хизматлар томонидан аниқ ва пухта режалаштирилган операция давомида қўлига олинган. Хусусан, ОАВларда «Саидаз Медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Саидалиев ва унинг шериклари ҳам ҳибсга олинган.

Шу жумладан «криминал авторитет» Баҳодир Султонов — «Боҳо завхоз» ҳам қўлга олинган. Боҳо, том маънода унинг «штаб-квартирасида», чойхонада қўлга олинган. У ушбу чойхонага мунтазам равишда ташриф буюриб, ишларини шу ердан бошқариб, учрашувларни ҳам шу ерда ўтказиб келган.