12:24 | 19.04.24

                       

Туркияда Instagram’га видео олиш учун дўсти отиб қўйган йигитнинг жасади ватанга олиб келинди

Истанбулда ўзбекистонлик йигит дўстини отиб қўйди. Марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинган ва 15 апрел, душанба куни дафн этилган.

Истанбул шаҳри Фотиҳ туманида 9 апрел, арафа куни икки нафар ўзбекистонлик ўртоқ йигит тўппонча билан видео олиб, Instagram’га жойлашни режалаштиргани, оқибатда йигитлардан бири иккинчисини ўлдириб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинган ва 15 апрел, душанба куни дафн этилган.

Эслатиб ўтамиз, Фотиҳ туманида яшовчи ўзбекистонлик С.Г ўтган сешанба куни ифторликдан кейин уйидан топиб олган қуроли билан видео олиб уни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бўлишмоқчи бўлди.

Фото: Bugun.uz

Hurriyat.com ёзишича, С.Г тўппончани идишидан чиқариб, стол устига қўйди. Стол устидаги тўппончани олган ўзбекистонлик 23 ёшли У.Р қуролнинг тепкисини босганида, С.Г нинг бошига ўқ тегиб, қонга беланган ҳолда ерга қулаган. Уйга полиция ва тиббиёт ходимлари келганида С.Г вафот этгани аниқланган. Полиция У.Р ни ҳибисга олган.

«С.Г билан хонада ифторлик қилдик. Ифторликдан кейин С.Г хонамиздаги комбининг тагидаги тўппончани ёнимга олиб келди. У менга Instagram’да видео жойлаштиришини айтди. Мен қизиқиб қуролни қўлимга олдим. Бироқ, ўқланмаган деб ўйлаган тўппончани ушлаб турганимда, бехосдан тепкисини босдим. С.Г нинг бошига қуролдан ўқ узилганини кўрдим. Воқеа тасодифан содир бўлди. С.Г билан ўртамизда ҳеч қандай адоват йўқ», — дея таъкидлаган У.Р полицияяга берган баёнотида.

У.Р баёнотидан сўнг навбатчи судга юборилган. Унинг адвокати Октай Сулаймон Ўзтурк, «Тўппончанинг тепкиси тасодифан босилган, қасддан қилинганлигига элемент йўқ» деб айтган. У.Р навбатчи суд томонидан «қасддан одам ўлдириш» айби билан ҳибсга олиниб, қамоқхонага жўнатилган.

Хабарларинг баъзиларида видеони ТikТok учун олишмоқчи бўлишгани ёзилган, баъзиларида эса Instagram учун дейилган. Қўшнилари воқеа тунда содир бўлганини, ўзбекистонликлар бу квартирада анча вақтдан буён икки аёл, икки эркак бўлиб яшаб келишаётганлигини таъкидлашган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: