14:29 | 23.02.24

                       

Украинадаги урушда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони очиқланди

Украинадаги урушда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони очиқланди. Маълум қилинишича, Кўпинча Марказий Осиё давлатлари фуқаролари Россия қуролли кучлари таркибида ҳалок бўлади. Аввалроқ Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка чақирганди.

Украинадаги урушда 2022 йил февралидан бери 45 123 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Россия армияси сафида вафот этган ўзбекистонликлар сони эса 47 кишини ташкил қилади. Бу ҳақда очиқ манбаларга таяниб, BBC хабар берди.

Фото: Getty Images

Умумий йўқотишларга кўра, рус армияси сафидагилардан камида 6614 нафари 2023 йилнинг октябридан 2024 йилнинг февралигача, яъни рус қўшинлари Авдеевка яқинида ва Донецк вилоятининг қўшни ҳудудларида олдинга силжиган пайтда ҳалок бўлган. Ҳозирда 265 нафар ҳалок бўлган хорижликларнинг исмлари маълум.

«Кўпинча Марказий Осиё давлатлари фуқаролари Россия қуролли кучлари таркибида ҳалок бўлади: Ўзбекистондан – 47 киши, Тожикистондан – 51 киши ва Қирғизистондан – 21 киши».

Аксар мигрантларни «махсус ҳарбий операция»да қатнашгандан сўнг Россия фуқаролигини соддалаштирилган ҳолда олиш истиқболлари жалб қилади. Баъзилар босим остида армияга ёзилади. Полиция рейдлари чоғида қўлга олинган муҳожирларга формадаги одамлар яқинлашиб, шартнома таклиф қилади:

«Россиядан депортация бекор қилинади, аммо бунинг эвазига улар ‘давлат учун ишлаши’ керак».

Кўпчилик рус тилини билмагани сабабли имзо қўйиш сўралган ҳужжатларни ўқий олмайди. Формадаги одамлар шартларни оддийгина қилиб: яхши иш ҳақи, тиббий ёрдам, шартнома тугаганидан кейин Россияда қолиш ҳуқуқи деб таърифлайди.

«Биз бу қандай ишлигини сўрадик, улар буни оддий ва яхши деб айтишди», — дейди шу йўл билан урушга жалб қилинмоқчи бўлган сомалиликлардан бири. Ҳужжатларга имзо чеккандан сўнг, у Украина билан чегарадаги чодир лагерида ҳарбий қўриқ остида қолган.

Аввалроқ Россиянинг Ростов вилоятида «Вагнер»нинг олти нафар жангчиси қидирувга берилгани, улар хусусий ҳарбий компаниянинг ўқув маркази ҳудудидан қочиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Улардан уч нафари Ўзбекистон, бир нафари Россия, бири Беларусь ва яна бири Қирғизистон фуқароси бўлган.

Маълумот учун, Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка чақирганди. Кейинроқ Путиннинг қисман сафарбарлик ҳақидаги қарори эълон қилинганидан сўнг агентлик яна бир бор ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, агентлик ўзбекистонликларни Россиядаги оммавий намойишларда қатнашмасликка чақирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: