13:48 | 01.12.23

                       

Ўзбекистонлик курашчилар Туркманистонда ўтган Жаҳон чемпионатида 7 та олтин медални қўлга киритди

Мусобақада 50 дан ошиқ давлатдан 200 нафардан зиёд спортчилар иштирок этган.

Ўзбекистонлик курашчилар Туркманистон пойтахти Ашхабод шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида умумий ҳисобда 9 та медални қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. «Тошкент» темир йўл (Шимолий) вокзалида терма жамоа аъзолари кутиб олинди, деб хабар бермоқда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

50 дан ошиқ давлатдан 200 нафардан зиёд спортчилар қатнашган жаҳон чемпионатида эркаклар ўртасида 7 та, аёллар ўртасида 8 та медаллар жамланмаси учун кураш кетган. Ўзбекистонлик спортчилар 7 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоада 1 ўринни эгаллаган.

Курашчилар ичидан Покизахон Камолиддинова, Улбусин Ҳакимова, Ҳилола Ортиқова, Жамшид Маматраҳимов, Эркин Қозоқов, Муҳсин Ҳисомиддинов, Чори Зойиров олтин медалларга сазовор бўлган бўлса, Филура Эргашева ва Умид Эсонов мос равишда кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган.

XIV жаҳон чемпионатининг якуний сарҳисобига кўра, умумжамоада Туркманистон терма жамоаси иккинчи, Қозоғистон курашчилари учинчи ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда бўлиб ўтган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 14 ёшгача бўлган ёш тоифасида ўзбекистонлик Афруза Ҳамдамова биринчи ўринни қўлга киритганди. У Тошкентда Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирокида тантанали кутиб олинган, шунингдек, 100 миллион сўм миқдорида пул билан мукофотланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: