9:40 | 30.11.22

                       

Зеленский Украинани қайта тиклашга қанча маблағ кераклигини маълум қилди

Ҳозирда ўнлаб ҳамкор давлатлар бунга жалб этилмоқда

Украинани қайта тиклаш учун 1 триллион доллардан ортиқ маблағ талаб этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский Халқаро кўргазмалар бюроси Бош ассамблеясига йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.

Фото: Telegram / Владимир Зеленский

«Ҳозирда биз Украинани қайта тиклаш учун ўнлаб ҳамкор давлатларни жалб этмоқдамиз. Умумий маблағ ҳажми — 1 триллион доллар», — дейди Украина етакчиси.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ғарб давлатлари ва компаниялари вилоятлар, шаҳарлар ҳамда корхоналар устидан «ҳукмронликни қўлга киритиши» мумкин. Франция, Великобритания, Нидерланды, Германия, Дания, Финляндия, Италия, Туркия, Польша, Португалия, Чехия, Словения, Латвия, Эстония, Швейцария, Словакия, Австрия, Греция, Канада, США, Япония ва Австралия бунга қизиқиш билдирган.

Июнь охирларида Европа инвестиция банки раҳбари Вернер Хойер ҳам шу каби рақамлар ҳақида гапирганди. Унинг айтишича, Украинага ҳарбий ҳаракатлар оқибатида етазилган зарарни қоплаш учун 1 триллион евро талаб этилиши мумкин. Зеленский август охирида вайрон бўлган инфратузилмаларни қайта тиклашга 600—800 миллиард доллар керак бўлиши ҳақида айтган эди.

Октябрь охирларида Украина президенти Киев ҳозирча 17 миллиард долларлик мамлакатни тезда қайта тиклаш режаси доирасида «бир цент» ҳам олмаганини маълум қилган.

Bloomberg’нинг ҳисоблашича, Украинани қайта тиклаш учун Россия банкининг Европада музатилган активлари йўналтирилиши мумкин.

Аввалроқ Зеленский Россия Украинага қарши 4,7 мингдан ортиқ ракета учиргани, Россияга асирларни «барчани барчага» формуласида алмашиш таклифини илгари сургани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: