0:51 | 14.12.23

                       

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ аҳолига мурожаат билан чиқди

Поездларни техник текшириш ишлари аномал совуқ туфайли чўзилмоқда.

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароити ортидан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ поездларнинг белгиланган манзилга кечикиб етиб бориши мумкинлиги юзасидан йўловчиларга мурожаат билан чиқди.

Унда келтирилишича, темир йўл транспортидан фойдаланаётган йўловчиларни манзилларига хавфсиз етказиш мақсадида йўловчи поездлар ҳаракат олдидан техник кўрикдан ўтказилади. Совуқ аномал об-ҳаво туфайли техник текширувлар чўзилиши мумкин.

«Юртимизда кузатилаётган совуқ аномал об-ҳаво туфайли техник текширувлар чўзилиши кузатилмоқда. Натижада, йўловчи поездлар ўз вақтидан кечикиб ҳаракатланмоқда. Йўловчилардан ҳолатни тўғри тушунишларини сўраб қоламиз» дейилган компания хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қишки таътил сабаб талабалар учун поездларга чегирмалар эълон қилинганди. Шунингдек, ушбу қишки таътил учун 50 мингдан ортиқ йўловчига қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилиб, Bugun.uz поездлар қатновининг санаси, вагонлар сони ва йўловчилар сиғими ҳақида батафсил маълумот берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: