11:01 | 16.11.22

                       

Бухорода электр таъминоти кунига 8 соатгача ўчирилиши мумкин

Ҳудудий электр тармоқлари режали ўчирилиш тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди

Бухорода электр тармоқлари кунига 8 соатгача ўчирилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди. «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» режали ўчирилиш тўғрисидаги мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва уни истеъмол қилиш бир вақтга тўғри келади. Шунинг учун электр энергияси захирасини яратиш имконсиз. Шу сабабли энерго тизимда ёқилғи ва қувват танқислиги юзага келган вақтларда электр энергияси балансини таъминлаш ҳамда энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулотда аварияли ҳолатларни юзага келишини олдини олиш мақсадида ҳудудларда эҳтимолий чеклов графиклари шакллантирилган.

Фото: Telegram / @Bugunuzlive

«Таъкидлаш жоизки, бундай чеклов графикларига фақатгина зарурий ҳолларда, тизимда қувват танқислиги кузатилган вақтлардагина амал қилинади. Тизим меъёрий ҳолатга келган вақтларда чеклов графиги қўлланилмайди ва электр энергиясини узлуксиз равишда етказиб берилиши таъминланади», дейилади муносабатда.

Электр тармоқлари корхонаси истеъмолчиларидан ушбу вазиятни тўғри тушунишни, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш ҳамда энергия ресурслари барқарорлигини таъминлаш мақсадида имкон қадар ушбу ресурслардан оқилона, тежамкорлик билан фойдаланишни сўраган.

Аввалроқ Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотига чекловлар киритилаётгани, Тошкентда баъзи ҳудудлар электр энергияси таъминотидан вақтинча узилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларидаги айрим ҳудудларда электр узатиш линияларидаги таъмирлаш ишлари сабаб 31 октябрь куни электр узатиш вақтинча тўхтатилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: