16:25 | 11.12.22

                       

ССВ Қашқадарёдаги туғуруқхонада «свет» ўчгани сабаб чақалоқлар совуқда қолгани айтилган хабарга муносабат билдирди

Шифохонада айни пайтда электр таъминоти тикланган

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги туғуруқ бўлинмасида «свет» ўчгани сабаб чақалоқлар совуқда қолгани айтилган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари томонидан ўрганилган.

Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли бўлинмаси, яъни қишлоқ участка шифохонасида 2022 йил 11 декабрь куни соат 03:30 да электр энергиясида узилиш кузатилган. Аммо иссиқлик таъминотида узилиш бўлмаган.

«Шифохонада 4 кун аввал жами 7 нафар аёл фарзандли бўлган, 11 декабрь соат 12:00 да уларнинг 6 нафарига уйга жавоб берилган. 1 нафар аёл чақалоғи билан Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасига кўчирилган. Ҳозирда она ва болаларнинг саломатлиги яхши, шифокорлар назоратига олинган», дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, айни пайтда шифохонада электр таъминоти тикланди. Муассаса қўшимча электр генератори билан таъминланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон энерготизимида блэкаут хавфи юзага келиши мумкинлиги айтилганди. Бухорода электр таъминоти кунига 8 соатгача ўчирилиши мумкинлиги хабар қилинган. Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар сабабини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: