21:00 | 02.06.22

                       

Бугун оқшоми. Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи, шакар нархи ошишининг сабаби, Алишер Усмонов йўқотган миллиардлар

@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи. Биринчи кун.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон расмий ташриф билан Ўзбекистонга етиб келди. Қўшни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан ташриф буюрган. Олий мартабали меҳмонни Президентниг ўзи кутиб олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентлар аэропортдан «Янги Ўзбекистон» боғига борган (одатга кўра). У ерда Эмомали Раҳмон Мустақиллик монументи пойига гул қўйди ва мажмуа ҳақида маълумот олди (одатга кўра).

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг Кўксаройда Тожикистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон шоҳсупага кўтарилди (одатга кўра). Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янгради (одатга кўра). Фахрий қоровул давлат раҳбарлари олдидан тантанали юриб ўтди (одатга кўра).

Фото: Президент матбуот хизмати

Маросимдан кейин Давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди. Музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон–Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришини тасдиқлади. Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мирзиёев ва Раҳмоннинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Унда Президентлар биродар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий шериклик устувор аҳамиятга эга эканини, савдо ҳажми ва номенклатурасини каррасига ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари,  Тожикистон президентининг ташрифи доирасида Зарафшон дарёсида Яван ГЭС қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

140 мегаватт қувватли замонавий станция мамлакатлар энергетик хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Маълумот учун, Тожикистон президентининг ташрифи эртага, 3 июнь куни якунланади. Ташрифдан олдин берилган маълумотларга кўра, Эмомали Раҳмон иштирокида бизнес учрашуви, иқтисодий ва инвестиция форуми, минтақавий илмий-амалий конференция ва бошқа бир қатор маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда ерусти метро йўналишлари остидаги ер майдонлари E–Auksion орқали 5 йил муддатга ижарага берилади. У ердан 4 мақсадда фойдаланиш мумкин бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент метрополитенининг «Дўстлик»–«Қўйлиқ» ерусти метро йўналиши 1–5 бекатлари оралиғидаги ер майдонларида қуйидагиларни ташкил этиш учун ижарага берилади:

  • пиёдалар ва велосипед йўлаклари;
  • автотураргоҳлар;
  • аҳоли сайр қилиши учун сайилгоҳлар;
  • болалар ва спорт майдончалари.

Ерусти метроси остидаги ер майдонлари (ҳозирда уларнинг баъзи жойлари симлар билан ўралган, баъзилари эса очиқ) ҳатловдан ўтказилиб, метро ҳаракатига ҳалал бермайдиган қисми Тошкент шаҳри ҳокимлиги захирасига ўтказилади. Ушбу ер майдонлари E–Auksion электрон савдо платформаси орқали 5 йил муддатга ижара ҳуқуқи билан, истисно тариқасида, 12 ойга тенг улушларда бўлиб тўлаш шарти билан савдога чиқарилади. Аммо у ерга фақатгина фудтрак ҳамда енгил турдаги қурилмаларни қуриш ва жойлаштириш мумкин бўлади.

«Шафоатов Олим» ўз исмини «Шафоатова Муқаддам»га ўзгартирди. Аслида у қиз бола бўлган, аммо гувоҳномага ўғил бола исми ёзилган.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудларида (туман марказидан 180 километр узоқда жойлашган) 20 йилдан буён «Шафоатов Олим» дея қайд этилган гувоҳнома билан яшаб юрган қизга ўз исми ёзилган янги гувоҳнома берилди.

Фото: Telegram

Дуоб ва Теракли қишлоқлари аҳолиси учун туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабулда «Шафоатов Олим»га «Шафоатова Муқаддам Равшан қизи» деб қайд этилган гувоҳнома топширилган.

«Ўғил бола»нинг қиз болага «айланиши» мана шундай ҳолатлардагина нормал қабул қилинади (лекин, қиз болани «ўғил бола» қилиб қўйиш, яъни гувоҳнома бериш нормал ҳолат эмас). Бошқа ҳолатларда инсоннинг ўзи ўйлаб кўриши керак.

Ўзбекистонда шакар нархи нега ошган? Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (узундан-узун) тушунтириш берди. Қисқача мазмунини қуйида ўқишингиз мумкин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ошган шакар нархи, бунинг сабаблари, қўшнилардаги вазият ва нархларнинг кўтарилиб кетмаслиги учун қилинаётган ишлар бўйича «Bugun.uz»га маълумот берди. Унинг қисқача мазмунини қуйида ўқишингиз мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9500–13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, айрим савдо нуқталарида 14 000 сўмгача кўтарилган.

Вазирликнинг қайд этишича, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга ўсиши билан бирга, ушбу маҳсулот тақчиллиги ва хатарлар юзага келаётгани кузатилмоқда (шу омил ҳам Ўзбекистонда шакар нархи ошишига маълум даражада таъсир ўтказган). Аммо, вазирликка кўра, Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган.

Шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, Лондон биржасида шакарнинг нархи 15 фоизга (500 доллардан 575 долларгача), унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган.

Фото: «Bugun.uz»

Анъанавий денгиз портларининг ёпилиши ҳамда алтернатив портлар ўтказувчанлик сиғимларининг пастлиги товарларни узоқ муддат қолиб кетиши ҳамда сақлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Бундан ташқари, Россия, Қозоғистон ва Ҳиндистон томонидан (Ўзбекистонга энг кўп озиқ-овқат айнан Қозоғистон (430,3 миллион доллар) ва Россиядан (284 миллион доллар) импорт қилинади) шакар экпортига қўйилган вақтинчалик тақиқ ҳам Ўзбекистондаги шакарнинг нархи кўтарилишига таъсир ўтказган.

Шакар нархининг кўтарилиб кетишини олдини олиш (аслида, кўтарилиб бўлди, энди яна давом этмаслиги) учун Ўзбекистонда қатор чоралар кўрилаётгани маълум қилинган. Хусусан,

  • шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми 2022 йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Хусусан, биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2000 тоннадан 3000 тоннагача оширилади;
  • 2022 йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этади. Бунда шакар ва унинг хомашёси импорти ҳажми ўтган йилги 643 минг тоннадан 900 минг тоннагача оширилади.

Шакарни қўйиб туринг, «буханка» нон нархи қимматлади. Бунга қандай муносабатдасиз?

Фарғонада эски нархда сотилган «буханка» нон талаш бўлди.

Фарғона шаҳри марказидаги Деҳқон бозори ёнида жойлашган нон дўконида ҳаридорларнинг қолипли нон талашаётгани акс этган видео тарқалди. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ҳолат ноннинг арзон нархда сотилаётгани сабаб содир бўлган.

МЧЖ раҳбарининг айтишича, 1 июнь куни дўконда аввал ҳарид қилинган арзон ундан нон тайёрланган ва бу нонлар аҳолига эски нархда — 1 500 сўмдан сотилган. Дўкон бозорда жойлашган бўлгани учун арзон нонга катта талаб юзага келган. МЧЖ раҳбари 2 июндан бошлаб нон ошган нархда сотилаётганини маълум қилган.

Қолипли нонга юзага келган навбатни олдини олиш мақсадида 2 июндан бошлаб иссиқ нон корхонаси фаолиятини соат 7:00 дан бошлаган. Шунингдек, нон ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортган.

Юқоридаги видеоларни кўриб ўрта ва катта ёшлиларни ёшлиги, бундан 30-40 йил аввалги давр эсига тушиб кетган бўлса, ажаб эмас. Энди ҳаммаси жойига тушади — нон нархи (у ерда ҳам) ошади ва тумонат одам тўпланмайди.

Бошқа хабар ва мақолалар:

  • Бухородаги «Амир Олимхоннинг дачаси» ва «каптарлар отаси» билан танилган Чор Бакр мажмуаси — суратларда;
  • Инвестиция вазирлигининг қатор ходимлари давлат тузилмаларида раҳбарлик лавозимига тайинланди;
  • Бош прокуратура бўлим бошлиғи Маданий мерос агентлигига директор этиб тайинланди.

Хўш, оламда нима гап?

Табиат қадри учун: Швеция парламенти нефть, кўмир ва газ қазиб олишни тақиқлади.

Фото: «AP»

Швеция парламенти ҳукумат томонидан таклиф этилган кўмир, нефть ва табиий газ қазиб олишни тақиқлашни маъқуллади. Мамлакат парламенти одамлар ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган моддаларни қазиб олиш бўйича янги қоидаларни тасдиқлаган. «Таклиф тош, нефть, кўмир ва табиий газ қазиб олишни тақиқлашни назарда тутади. Рухсатномалар энди берилмайди» дейилади хабарда.

Экология кодекси ва «Ер қаъри тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар 2022 йил 1 июлдан кучга киради. Швеция 1990 йилдан бери атмосферага зарарли чиқиндилар миқдорини камайтирмоқда. Мамлакат нефтдан кўра биоёқилғини афзал кўради. Бундан ташқари, Швецияда деярли чиқиндининг 100 фоизи қайта ишланади.

Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги 2022 йил бошидан бери 41,48 миллиард долларга камайди.

Фото: «РБК»

Bloomberg Billionaires Index’га (BBI) кўра, Усмонов ҳозирда 21 миллиард доллар капиталга эга. Дунё миллиардерлари ичида у 67-ўринни эгалламоқда. Индекс миллиардерлар акцияларига эга бўлган компаниялар акциялари қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. BBI рейтингида дунёнинг 500 нафар олигархи бор, уларнинг 25 нафари Россия фуқароси ҳисобланади. Умумий бойлиги эса 1 июнь ҳолатига кўра 341,51 миллиард долларни ташкил қилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: