13:09 | 09.02.23

                       

Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган бухоролик йигит ушланди

У самарқандлик фуқарони ноқонуний йўллар билан Европа Иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга жўнатишда ёрдам бериш учун 15 минг доллар сўраган

Самарқандлик фуқарога пул эвазига Европа Иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга боришда ёрдам беришни ваъда қилган бухоролик эркак қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқароларни айланма йўллар билан АҚШ давлатига ноқонуний юбораётган жиноий гуруҳ аъзолардан бирининг фаолиятига чек қўйилган.

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 28 ёшли М.Ф. фуқароларни ноқонуний йўллар билан Европа Иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган. У навбатдаги «мижози» – самарқандлик фуқарони АҚШга юбориш учун 15 минг доллар сўраган. Тезкор тадбир чоғида М.Ф. ушбу пулдан 3 минг долларини маҳаллий фуқародан олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган йигит ушлангани, ДХХ Самарқандда фуқароларни Америкага ноқонуний юбормоқчи бўлган эркакни ушлагани, ДХХ фуқарони 40 минг долларга АҚШга юбормоқчи бўлган эркакни қўлга олгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрь бошларида Мексикада жиноятчилар томонидан ўғирланган 7 нафар ўзбекистонлик қутқарилгани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистонликларнинг сўзларига кўра, улар автобусда Қуйи Калифорнияга кетаётган бўлган. Гомес-Паласио шаҳрида тўхташган вақтида уларга ҳужум қилишган.

Жиноятчилар Ўзбекистон фуқароларининг йўлни давом эттириши учун 1,2 минг доллар талаб қилган. Жабрланувчилар ёнида пул бўлмагани боис, уларни хусусий уйлардан бирига олиб келиб, муҳожирлар орқали бошқа усулда пул ишлашни режа қилишган. Дипломатик миссия кейинроқ барча ўзбекистонликлар қўйиб юборилгани ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилганини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: