21:00 | 23.01.23

                       

Бугун оқшоми. Рекорд даражада қимматлашган пиёз, Афғонистонга электр етказиб беришни тиклайдиган Ўзбекистон, дунёдаги барча муаммоларга «ечим» бўлиши айтилган ҳайвон

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни қайта тиклади

Туркманистон «табиий газ конларида юзага келган авариявий ҳолат» туфайли 2023 йилнинг 12 январь санасидан бошлаб Ўзбекистонга газ экспортини тўхтатган эди. Маълум қилинишича, мамлакат «Дарёлиқ» станцияси орқали 21 январдан газ етказиб беришни қайта йўлга қўйган.

Фото: Telegram

Ўзбекистонга экспорт қилинадиган кунлик газ ҳажми 21 январда 4,8 миллион куб метрни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу миқдор 12,6 миллион куб метрга етган. Шунингдек, аста-секин газ етказиб бериш ҳажмини 16 миллион куб метргача ошириш режалаштирилган.

Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб беришни тиклайди

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг совиши ортидан иссиқлик электр станциялари таъминотида муамммо юзага келгани сабабли Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тўхтаб қолганди. Шундан сўнг Толибон ташқи ишлар вазири Амирхон Мутакки Кобулдаги анжуманда Ўзбекистондан ўз мажбуриятларини бажаришни ва ваъда қилинган 400 МВт электр энергиясини етказиб беришни талаб қилганди.

Фото: Bugun.uz

Маълум бўлишича, Ўзбекистон 25 январдан бошлаб Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни қайта йўлга қўяди. Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва ички истеъмолга йўналтирилган электр энергияси экспорт қилинмайди. Афғонистонга етказиб бериладиган қисми эса ҳукуматлараро келишувга мувофиқ амалга ошириладиган импорт амалиётининг бир қисми орқали қопланади.

Ўзбекистонда пиёз нархи олдинги рекорддан 4 баробарга қимматлашди

Ўзбекистонда улгуржи савдодаги пиёзнинг нархи 2022 йилнинг мос давридаги рекорд нархдан қарийб 4 баробарга қимматлашгани маълум бўлди. Қайд этилишича, пиёз нархи бир ҳафта ичида 30 фоизга, ўтган ҳафтага нисбатан эса 60 фоизга ошган.

Фото: Bugun.uz

Бунга асосий сабаб мамлакатда кузатилган совуқ ҳарорат шароитида маҳсулот захираларининг тўғри сақланмагани ва бунинг оқибатида унинг катта қисми истеъмолга яроқсиз ҳолга келгани бўлган. Шунингдек, Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар ҳам глобал равишда пиёз нархининг ўсишига олиб келаётгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, ушбу сабзавот нархидаги бундай тенденция Марказий Осиё бўйича кузатилмоқда ва минтақадаги энг қиммат нарх Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Россияда ўзбекистонлик ишчи 13 метр баландликдан қулаб вафот этди

Ўзбекистонлик 44 ёшли эркак Россияда 13 метр баландликдан қулаб, ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, Ленинград вилояти Ломоносов тумани Малое Карлино қишлоғидаги ёпишқоқ тасма (скотч) заводида том ёпиш ишларини бажараётган ишчи 13 метр баландликдан йиқилиши оқибатида ҳалок бўлган.

Ҳозирда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Алишер Усмонов нафақага чиқиб, «фаол меҳнатдан кетиши»ни маълум қилди

Миллиардер Алишер Усмонов Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСТИ) Бошқарув бюроси аъзолигидан озод этилишини сўраб, ариза ёзди.

Фото: Bloomberg

Усмоновнинг РСТИ раҳбари номига ёзилган аризаси суратида қайд этилишича, у «нафақага чиқаётгани ва фаол меҳнатдан кетаётгани» туфайли Бюро аъзолигидан чиқаришларини сўраган. Нашр суҳбатдоши ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Яна бир манбанинг сўзларига кўра, 25 январь куни Иттифоқ буёрисининг йиғилиши ўтказилади ва унда Усмоновнинг аризасини кўриб чиқиш режалаштирилган. РСТИ вакиллари мазкур ҳолатга изоҳ беришдан бош тортган.

Алишер Усмонов — «Металлоинвест», «Удокан мис» ва «МегаФон» компанияларини ўзида бирлаштирган УСМ холдинги асосчиси ва асосий акциядори (49 фоиз) ҳисобланади. У Forbes журналининг версияси бўйича, энг бадавлат россиялик миллиардерлар орасида 7-ўринни эгаллаган. Усмоновнинг бойлиги 11,5 миллиард долларга баҳоланади.

Усмонов 2022 йил февралдан буён Европа Иттифоқи санкциялари остида қолмоқда, шунингдек, АҚШ, Канада, Буюк Бринита ва Япония ҳам унга қарши санкциялар жорий этган. У умумий юрисдикция судида Европа санкцияларига эътироз билдиришга уринмоқда: тадбиркор суддан апелляция бўйича якуний қарор қабул қилинмагунча санкцияларни тўхтатиб туришни сўраган.

Тошкентда Зангиотадаги шифохоналарда ишлатилган контейнерлардан поликлиникалар ташкил этилади

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов «Зангиота-1» ва «Зангиота-2» шифохоналари ҳудудида аввал ўрнатилган 40 та контейнерни қайта жиҳозлаш учун 900 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: Bugun.uz

Ушбу клиникалар икки ўринга мўлжалланган бўлиб, барча зарур дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, ЭКГ аппарати ва кислород баллонлари билан жиҳозланган. Шунингдек, 2 нафар умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира томонидан аҳолига жойида тиббий хизмат кўрсатилади.

Маблағлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари захирасидан ажратилиб, контейнерларни таъмирлаш ва коммуникацияларни (сув таъминоти, иссиқлик, канализация ҳамда электр таъминоти) ётқизиш учун сарфланади.

Лойиҳага кўра, 2023 йил охиригача Тошкент шаҳрининг барча туманларида жами 170 та мини поликлиника ташкил этилади.

Дунёда нима гап?

Мутахассислар 2023 йилда бутун дунёда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилишидан огоҳлантирди.

Иқлимшунос мутахассислар дунё бўйича 2023 йилда Эль-Ниньо ҳодисаси кузатилиши натижасида ҳаво ҳароратининг цельсий бўйича 1,5 даражага кўтарилишини башорат қилмоқда. Ушбу ҳодиса Тинч океанининг экваториал қисмида сув юзаси ҳароратининг ўзгариши бўлиб, 2016 йил шу ҳодиса туфайли инсоният тарихининг энг жазирама йили сифатида қайд этилган.

Фото: The Guardian

Прогнозларга кўра, 2023 йил олдинги йилга нисбатан иссиқроқ бўлади. Бироқ, бу ҳодиса шимолий яримшарда қиш фаслида кузатилмоқда ва унинг таъсири бир неча ойдан сўнг сезилши мумкин. Инсон фаолияти туфайли чиқарилган иссиқхона газлари глобал ҳаво ҳароратининг 1,2 даражага кўтарилишига сабаб бўлиб, АҚШ ва Европада жазирамаларни, Покистон ва Нигерияда ҳалокатли сув тошқинларини келтириб чиқарган.

Эль-Ниньо ҳодисаси эса ҳароратнинг 1,5 даражага кўтарилишига сабаб бўлиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Хитойда ҳавонинг ифлосланиши қуёш нурлари ўтишини блоклаб, ҳарорат кўтарилишига олиб келмоқда. Олимлар тахминига кўра, 2024 йил тарихдаги энг иссиғи бўлади.

Ҳиндистонда маҳкумга сигир сабаб умрбод қамоқ жазоси тайинланди

Ҳиндистонда сигирларни ноқонуний ташишда айбланган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукмни ўқиган судьянинг маълум қилишича, дунёдаги барча муаммоларнинг биргина сабаби сигирларнинг сўйилаётгани ҳисобланади. Унинг фикрига кўра, ер юзида сигирлар қони тўкилмаган кун барча муаммолар барҳам топади. Шунингдек, унинг айтишича, сигир шунчаки бир ҳайвонгина эмас, балки «она» ҳамдир.

Фото: Getty Images

Судья сигир гўнгидан тайёрланган уй атом нурланишига ҳам бардошли бўлиши, унинг пешоби эса бедаво дардларга шифо бўлишини таъкидлаган. Агарда сигирлар бахтсиз бўлса, инсонлар барча бойликларидан маҳрум бўлиши ҳам қўшимча қилинган.

Суд Муҳаммад Амин исмли шахсни 16 та сигирни бузоқлари билан ётиш, сув ичиш ва озиқланиш имкони мавжуд бўлмаган юк машинасида ташигани учун 2020 йилда жавобгарликка тортган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: