17:32 | 13.02.23

                       

Ғарб Украинага қайси турдаги жанговар самолётларни етказиб бермоқчи

Гап биринчи навбатда Американинг F-16, Германиянинг Tornado, шунингдек, Швециянинг JAS Gripen қирувчилари ҳақида кетмоқда

НАТОнинг Киевга оғир танкларни етказиб бериш қароридан кейин Украинага жанговар самолётларни ҳам жўнатиш атрофида мунозаралар бошланди. Deutsche Welle асосан қайси турдаги самолётлар ҳақида гап кетаётганига оид маълумотларни тақдим этди.

НАТО Украинага Россия босқинини тўхтатиш учун оғир техникалари — Германиянинг Leopard 2, Американинг М1А2 Abrams ҳамда Британиянинг Challenger 2 танкларини етказиб бериш тўғрисидаги қарори қабул қилингач, Киевга жанговар самолётлар юбориш масаласи ҳам кўтарилди. Худди танклар билан бўлгани каби Ғарб ҳозирда бундай техникалар юборилишини истисно этмоқда.

Киев ҳозирга қадар ўзининг расмий талабини эълон қилмади ва айнан қандай жанговар самолётлар кераклиги бўйича маълумот бермади. Норасмий маълумотларга кўра, гап биринчи навбатда Американинг F-16, Германиянинг Tornado, шунингдек, Швециянинг JAS Gripen қирувчилари ҳақида кетмоқда.

F-16

F-16 ни серияли ишлаб чиқариш 1976 йилда бошланган бўлиб, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари қуролланишига 1978 йилда келиб тушган. F-16 тўртинчи авлод енгил қирувчилари ҳисобланади, аммо талаб юқорилиги ва нархининг нисбатан арзонлиги сабаб охир-оқибат кўп мақсадли жанговар самолётга айланди. Умумий ҳисобда бундай самолётлардан 4570 та ишлаб чиқарилган. Айни вақтда F-16 дунёнинг 25 га яқин давлати қуролланишидан ўрин олган ва дунёда энг кенг тарқалган жанговар самолёт ҳисобланади. Ундан асосан АҚШ ва Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланади.

F-16
Фото: U.S. Air

Самолёт узунлиги тахминан 15 метрни, қанотлари кенглиги эса 10 метрни ташкил этади. F-16 қуролларсиз 9 тоннага тенг, тўлиқ жанговар жамланмалар — 19 тонна билан ҳавога кўтарила олади. Максимал тезлиги соатига 2414 километрни ташкил этиб, 15 минг метргача баландликда учишга қодир. Парвоз радиуси — 1,5 минг километргача.

Самолёт тезотар олти стволли 20 миллиметрли қурол билан жиҳозланган, ўқ-дорилари — 511 та снаряд. Фюзеляжи ва қанотлари остига турли «ҳаво-ҳаво», «ҳаво-ер» туридаги ракеталарни жойлаштириш мумкин.

«МИГ-29»

Совет қирувчиси «МИГ-29»нинг биринчи прототипи ҳавога 1977 йилнинг 6 октябрь куни ҳавога кўтарилган. 1982 йилда турли моделлари муваффақиятли синовдан ўтказилганидан кейин самолётни серияли ишлаб чиқариш бошланган, бир йилдан кейин эа СССР армияси сафига олинган. Ўзининг яхши учиш сифати, хусусан, манёврчанлигининг уникаллиги сабаб «МИГ-29» кенг экспорт қилинган.

Германия бирлашгач, бундесверга ГДРдан 24 та «МИГ-29» қолиб кетган. 2003 йилда 22 та машина рамзий равишда ҳар бири 1 евродан НАТОга қўшилган Польшага сотилган. Қирувчилардан бири 1996 йилда ҳалокатга учраган, яна бири Берлиндаги музейлардан бирида сақланади.

Фото: Picture Alliance

Ўнлаб «МИГ-29»лар ҳозирга қадар НАТОга аъзо Шарқий Европа давлатлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қуролланишида қолмоқда. Улардан Украина ҲҲК ҳам фойдаланиб келади.

Самолёт узунлиги 17 метрни, қанотлари кенглиги эса 11 метрни ташкил этади. «МИГ-11» оғирлиги 11 тонна бўлиб, максимал ҳавога кўтарилиш массаси 22 тоннагача. Максимал тезлиги соатига 2390 километрни, максимал ҳавога кўтарилиш баландлиги эса 18 минг метрни ташкил этади. Ҳаракатланиш радиуси 1000 километрга яқин.

Самолётга 30 миллиметрли авиация қуроли ва 150 та снаряд ўрнатилади. «МИГ-29», шунингдек, турли ракета ва бомбаларни, бошқарилмайдиган тактик ядровий бомбаларни ҳам белгиланган манзилга етказишга қодир.

Tornado

Ўзгарувчан қанотга эга Tornado қирувчи-бомбардимончиси Германия, Буюк Британия ва Италия ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган. Серияли ишлаб чиқариш 1979 йилда бошланган бўлиб, жами 992 дона мавжуд. Бундесвер қуролланишига улар 1981 йилдан 1992 йилга қадар киритилган — умумий ҳисобда 357 та машина. «Совуқ уруш» тугаганидан кейин Германия Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ҳарбий-денгиз кучларидаги бу каби қирувчилар сони 93 тагача камайтирилган.

Мазкур самолётларнинг ўзига хослиги — паст баландликларда уча олишидир. Автопилот Tornado’ни 60 метр баландликда ҳам ушлаб тура олади. Аксарият жанговар самолётлардан фарқли ўлароқ, Tornado экипажи икки кишидан иборат.

Фото: Getty Images

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Германияда бундесверни қайта қуроллантириш учун 100 миллиард евро махсус фонд ажратилганидан сўнг эски Tornado’ларни замонавийроқ Америка F-35 самолётлари билан алмаштиришга қарор қилинган. Шу муносабат билан, ГФРдаги собиқ элчи, ҳозирда Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Мельник Tornado’ларни Украина учувчиларига беришни сўраб чиқди.

Торнадо узунлиги 17 метрни ташкил этади, қанотлари кенглиги 8,5 метрдан 14 метгача етади, оғирлиги — 14 тонна. Максимал ҳавога кўтарилиш массаси — 28,5 тонна. Самолёт соатига 2414 километр тезликда учиб, 17 минг метр баландликкача кўтарила олади.

Самолётлар 180 та снарядга эга 27 миллиметрли Mauser BK-27 қуроллари билан жиҳозланган. Тезотар қурол дақиқасига 1,7 мингда ўқ узиши мумкин.

JAS Gripen

Айрим Ғарб ҳарбий экспертларининг фикрича, Киевга F-16 ва Tornado’дан фарқли ўлароқ, Швециянинг JAS Gripen қирувчилари мос келади. Чунки ундан фойдаланиш осон, хизмат кўрсатиш талаби ҳам юқори эмас.

Кўп мақсадли Gripen нафақат Швеция, балки ЖАР, Венгрия, Чехия, Бразилия ва Таиланд қуролланишида ҳам мавжуд бўлиб, 1992 йилдан бери ишлаб чиқарилади, 1996 йилда янги модификацияси чиққан. 2020 йил охирига қадар бу каби самолётлардан 271 дона чиқарилган — бир ва икки ўриндиқли.

Фото: Picture Alliance

Gripen ёмон тайёрланган аэродромлар, автострадалар ва ҳатто жиҳозланмаган учиш-қўниш йўлакларидан ҳавога кўтарилиши ҳамда уларга қўниши мумкин.

Gripen узунлиги 14 метрни, қаноқлари кенглиги 8,5 метрни ташкил этади, оғирлиги — 6,5 тонна, максимал ҳавога кўтарилиш массаси — 14 тонна. Қирувчи соатига 2130 километр тезликда 16 минг метр баландликда уча олади.

Аввалроқ Исроил бош вазири Украинага «Темир қубба» тизими етказиб берилишини истисно этмаганди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Нетаньяхунинг сўзларига муносабат билдириб, «қурол-яроғ етказиб беришга бўлган барча уринишлар, ҳатто ниятлар даражасида бўлса ҳам, инқирознинг кучайишига олиб келишини» айтган.

Январда АҚШ ҳукумати Украинага 2,2 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлаётгани маълум бўлганди. Унинг ичидан узоқ масофага мўлжалланган ракеталар ўрин олади. Гап Boeing ва Saab Group компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb) ракеталари ҳақида кетмоқда. Улар 150 километр узоқликка парвоз қила олади. Украина узоқ масофага мўлжалланган ракеталарга муҳтож ва Ғарб ҳамкорларига бундай қуроллар мамлакат ташқарисидаги нишонларга қарши қўлланилмаслигига кафолат беришга тайёрлигини билдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: