16:31 | 21.11.23

                       

Ёнаётган автобус, тўхтаб қолган метро ва тирбандликдаги автомобиллар

Bugun.uz Тошкентдаги транспорт инфратузилмаси ҳамда жамоат транспортининг бугунги кундаги ҳолати ҳақида маълумот беради

Сўнгги вақтларда Тошкентдаги жамоат транспорти ва автомобиллар ҳаракати билан боғлиқ танқидий хабарлар кўп учрамоқда. Метро поездларининг тўхтаб қолиши, автобусларнинг ЙТҲларга учраши ҳамда йўллардаги тирбандликлар пойтахт аҳолиси ва шаҳримиз меҳмонлари учун кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқаряпти. Тошкент транспорт тизими билан боғлиқ хабарларни ўқир эканмиз, «Бу тизим ўзи ислоҳ қилинадими?» деган савол ҳар биримизда туғилиши мумкин.

Суратда Тошкент кўчаларида ҳаракатланаётган автомобиллар ва тирбандлик тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Bugun.uz нашри ўз муштарийларига Тошкент транспорт тизимига бағишланган танқидий-таҳлилий мақолани ҳавола этади.

Тошкент транcпорт тизими

Тошкент шаҳри пойтахт сифатида мамлакат маркази ҳисобланади. Барча давлат идорлари-ю ташкилотлари, вазирлик ва агентликлар пойтахтда жойлашган. Шунингдек, катта масштабдаги талабалар оқимини юзага келтирувчи ОТМларнинг аксари ҳам Тошкентда жойлашган. Бир гап айтганда, Тошкент Ўзбекистондаги энг йирик маданий марказдир.

Шубҳасиз, бу марказнинг транспорт тизими ва жамоат транспорти ҳам шаҳар мақомига мос ва юқори йўловчи омини кўтара олиш хусусиятига эга бўлиши керак. Қайсидур маънода, пойтахтдаги бу соҳа ўз вазифасини бажараётгандек, аммо, унда кузатилаётган муаммо ва камчиликлар киши кўнглини хира қилмай қолмайди. Метро, автобус ҳамда  автомобил ҳаракати билан боғлиқ сўнгги янгиликларнинг аксари танқидий руҳда экани бу соҳа ислоҳотга муҳтожлигини кўрсатмоқда.

Автобуслар тармоғи

Пойтахт автобуслар тармоғи 1909 йилда Тошкентда ташкил этилган автобус йўналишлари ҳисобланади. Тарихан бу йўналишлар ўзгарди ва янгилари қўшилиб, тизим аввалгисига қараганда катталашиб бораверди. Шаҳарда 9 та автобус парклари мавжуд бўлиб, улар «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмасига қарашлидир.

Суратда бекатда автобус кутаётган ва автобусга чиқаётган одамлар тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Шаҳарда 150 дан ортиқ йўналишларда 1500 дан зиёд автобуслар йўловчилар учун хизмат қилади. 2019 йил 15 августдан бошлаб бир киши учун йўл ҳақи 1400 сўм этиб белгиланган бўлса, жорий йилнинг ноябр ойидан нақд пулда 2000 сўм, карта орқали тўловда 1700 сўм ҳамда чегирмалар белгиланди.

Ютонг русумли электробусларнинг олиб келиниши ва катта йўловчи сиғимига эга болган «гормошка» автобуслар ҳаракатининг йўлга қўйилиши муаммони бироз юмшатгандек. Бироқ, автобуслар билан кузатилаётган ЙТҲлар натижасида шаҳар бюджетига катта зиён етмоқда. Бюджетни-ку қўя турайлик, бу ЙТҲларда жабрланаётган инсонлар тақдиричи? Улар учун етказилган зиённи қоплаш имкони бормикан?

Суратда МАН русумли йўловчи ташувчи автобуснинг ёнаётгани тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Тошкент метрополитени

Метрополитен Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги унитар корхона ҳисобланади. Дастлаб учта асосий ҳаракат йўлига эга бўлиб, жорий йил Ер усти ҳалқа йўлининг очилиши билан улар тўрттага етди.

  1. Ўзбекистон йўли
  2. Чилонзор йўли
  3. Юнусобод йўли
  4. Ер усти ҳалқа йўли

Метро пойтахтдаги энг асосий жамоат транспорти бўлиб, ҳар куни минглаб йўловчига хизмат кўрсатади. Асосан талабалар ва ўқувчи ёшларнинг таълим мавсумига қараб, метрода катта оқимдаги йўловчилар ҳаракати кузатилади. Эрта тонгдан ишга, ўқишга ва мактабга шошилаётган йўловчиларни кўриб «ҳамма метрога сиғадими?» деб қоласиз.

Суратда метро поезди тўхтаб қолиши сабаб станцияда турган одамлар тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Метро вагонларидаги тиқилинч, ва ҳаттоки, ҳаракатнинг тўхтаб қолиши йўловчиларга ноқулайликлар келтирмоқда. Бу ўринда, янги олиб келинган замонавий вагонларнининг борлиги ҳам муаммога ечим бўлмаётгандек. Йўловчилар эса, кундан кунга ортиб бормоқда.

Суратда Пахтакор станциясида поезд йўлига ўзини ташламоқчи бўлган йигит ва уни қутқаришга уринаётган милиция ҳодими тасвирланган.
Фото: ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти

Шунингдек, жорий йилнинг сентябр ойи бошида Транспорт вазирлиги томонидан метрополитеннинг янги харитаси эълон қилинган эди. Ажабланарли томони шундаки, вазирлик эълон қилган харита россиялик релокант томонидан чизилган Тошкент метроси харитаси билан жуда ўхшашлигидир.

Автомобиллар ҳаракати ва йўллардаги тирбандлик

Автомобиллар ҳаракати ҳозирда энг катта муаммолардан биридир. Сўнгги кунларда кузатилаётган тирбандликлар аҳоли орасида 10 баллик экани иддао қилинмоқда. Тирбандликлар асосан куннинг иккинчи ярмида, 18:00 дан кейин кузатиляпти. Бу вақтда, кўплаб фуқароларнинг иш вақтлари, университет талабаларининг дарс соатлари тугаган, барча уйига шошилган бўлади. Табийки, йўлларда ҳам катта йўловчи оқими юзага келади.

Суратда Тошкент кўчаларида ҳаракатланаётган автомобиллар ва тирбандлик тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Аксарият одамлар пойтахт кўчаларида автомобил тезлигига чекловлар борлигини сабаб қилиб кўрсатишса, қарши томон машиналар сонининг кўплиги шаҳар кўчаларида тирбандликни юзага келтираётганини таъкидламоқда.

Жорий йилнинг 23 октябр куни ҳам пойтахтда жуда катта тирбандликлар юзага келди. Аксар автобус йўналишларида оралиқ интервал вақтларига риоя қилиш имкони бўлмаган. Хусусан:

  • Алишер Навоий;
  • Лабзак;
  • Сағбон;
  • Сақичмон;
  • Меҳржон;
  • Кичик ҳалқа йўли;
  • 8 март;
  • Шота Руставели;
  • Бобур;
  • Ойбек;
  • Арнасой;
  • Истиқбол;
  • Муқимий-Нукус ҳамда Нурафшон кўчаларида тирбандликлар кузатилган.

Натижада 70 дан ортиқ автобус йўналишларида куннинг тиғиз пайтида қатнов вақти ҳамда оралиқ интервал вақтларига риоя этиш имкони бўлмаган.

Суратда Тошкент кўчаларида ҳаракатланаётган автомобиллар ва тирбандлик тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: