21:18 | 10.05.24

                       

Она бўлган 8-синф қиз, 27 ёшли йигитнинг ўлимига сабаб бўлган пойга, Президент номидан совға

Она бўлган 8-синф қиз, 27 ёшли йигитни ўлимига сабаб бўлган пойга, Президент номидан совға — Бугун хабарлари.

Бугун, 10 май ҳафтанинг жума куни. Bugun.uz куннинг энг муҳим хабарлари дайжестини тақдим этади.

Тошкент шаҳар, Сергели туманида 27 ёшли йигит ЙТҲ оқибатида вафот этди. ЙТҲ оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилганда вафот этган. Кейинроқ у AutoTuning_uz асосчиси экани маълум бўлди. Унинг танишлари яқинларига ҳамдардлик билдириб, тармоқларда видео жойлади.

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 107,1 трлн сўмни ташкил этган.

Шундан асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар улуши 68,9 фоизга етган. Ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга бўлган инвестор давлат Хитой (23 фоиз) ҳисобланади.

Самарқанд вилоятидаги 22-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ўғил фарзандли бўлди. Қизнинг отаси ИИОга мурожаат қилиб, чақалоқнинг дадаси, 2007 йилда туғилган, 10-синф ўқувчисига нисбатан чора кўрилишини сўраган.

Мазкур холат юзасидан ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев Президент топшириғига кўра боёвутлик отахонга Гулистон шаҳридан уй совға қилди.

Давлат раҳбари 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига бориб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олган эди. У боёвутлик отахон билан суҳбатлашиб, унинг илтимосига биноан отахонга уй совға қилмоқчи бўлган.

101 ёшли отахон Ўскан ота Ҳожиманов айни пайтда даволанаётгани боис, хонадон унинг келини ва набираларига топширилди. Шунингдек, ҳоким госпиталда ҳам бўлиб, отахонни табриклади, янги хонадон ҳужжатлари ва калитини берди.

Шоҳжаҳон Жўраевнинг собиқ хотини хонанда уни ҳақорат қилгани учун судга берди.

Қайд этилишича, Шоҳжаҳон 2023 йил 12 декабрда собиқ турмуш ўртоғи Н.нинг уйига борган ва турмуш ўртоғини куракда турмайдиган, қадр-қимматини таҳқирловчи турли сўзлар билан ҳақорат қилган. Шоҳжаҳон Жўраевга нисбатан жиноят кодексининг 140 (ҳақорат қилиш) моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда, тергов якунлангач, қонуний қарор қабул қилинади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: