16:46 | 27.02.23

                       

«Ўзавтойўлбелги» мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Улар йўл белгиларини ясаш ва чизишда ишлатиладиган маҳсулотларни қиммат нархда сотиб олган

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги «Ўзавтойўлбелги» давлат унитар корхонаси фаолиятида ноқонуний ҳолатлар аниқланди, деб хабар беради ЎзА.

«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, «Ўзавтойўлбелги»га истисно тариқасида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан энг яхши таклиф орқали маҳсулотларни сотиб олиш тўғрисидаги шартномаларни танлов савдоларини ўтказмасдан тузишга рухсат берилган.

Аммо ДУК мансабдор шахслари 2021—2022 йилларда ўзларига таниш бўлган 5 та маҳаллий МЧЖ билан жами 9 миллиард 193 миллион сўмлик 21 та шартнома тузиб, улардан йўл белгиларини ясаш ва чизишда фойдаланиладиган маҳсулотларни эркин бозор нархларидан қиммат нархларда харид қилиб, 2 миллиард 701 миллион сўм миқдоридаги буджет маблағларини талон-торож қилган.

Ҳолат юзасидан «Ўзавтойўлбелги» ДУК ва 5 та МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси 162 млн сўмлик имтиёзли кредитни талон-торож қилгани, Қашқадарёда «Агробанк» ходимлари 4 млрд сўмни ўзлаштиришда гумонланаётгани, Сурхондарёда 50 минг гектар ер талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: