15:06 | 14.01.23

                       

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

Афғонистон миллий электр компанияси Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси техник носозликлар туфайли узилганини маълум қилди. Электр таъминоти 13 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да тўхтатилган. Натижада Афғонистон Тожикистондан сотиб олган электр энергиясини тақсимлашга мажбур бўлган

Афғонистон миллий электр компанияси (Da Afghanistan Breshna Sherkat — DABS) Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси техник носозликлар туфайли узилганини маълум қилди. Бу ҳақда Etilaatroz хабар берди.

Қайд этилишича, электр таъминоти 13 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да тўхтатилган. Натижада Афғонистон Тожикистондан сотиб олган электр энергиясини тақсимлашга мажбур бўлган. Электр энергияси асосан йирик шаҳарлар ва ижтимоий объектларга йўналтирилади.

Афғонистонда электр энергияси биринчи навбатда шифохоналар ва муҳим хавфсизлик идораларига, шундан сўнг аҳоли турар жойларига тақсимланади. Афғонистон кўпроқ қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрондан импорт қилинадиган электр энергиясига таянади.

Маълумот учун, Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси Кобул ҳамда Парвон, Каписа, Панжшер, Нангарҳор, Лағмон, Логар, Пактий, Хост, Майдон Вардак, Ғазни ва Бағлон вилоятини электр билан таъминлайди.

Декабрь ўрталарида Толибон Афғонистондаги электр энергиясида содир бўлаётган узилишларда Ўзбекистонни айблаганди. Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси вакили Ҳикматулла Майванди видеомурожаатида Ўзбекистон электр тармоғидаги муаммолар туфайли у Кобул олдидаги шартнома мажбуриятларини вақтинча бажара олмаганини таъкидлаган эди.

Кейинроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тўхтамаганини маълум қилди. «Наибобот 1» электр узатиш тармоғи орқали Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб берилаётгани, шунингдек, иккинчи «Наибобот 2» тармоғида техник носозликлар туфайли таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани айтилганди.

Январь бошида эса «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ ва Афғонистоннинг ДАБС энергетика компанияси электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Шунингдек, Толибон Ўзбекистонга 35 миллион доллар миқдоридаги қарзини ҳам қайтарган. Охирги пайтлар Афғонистонда электр энергияси Ўзбекистон электр тармоғидаги техник носозликлар туфайли камайган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: