14:56 | 26.12.22

                       

Россия Мудофаа вазирлиги Саратовдаги ҳарбий аэродромда Украина дронини уриб туширди — видео

Ҳодиса оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган

Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими 26 декабрь куни, кечаси Саратов вилоятидаги «Энгельс» ҳарбий аэродромига яқинлашиб келаётган украина дронини уриб туширди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Фото: Meduza

Идора маълумотларига кўра, учувчисиз учиш аппаратининг қулаши оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи оғир жароҳат олиб, вафот этган. Аэродромдаги самолётларга шикаст етмаган.

26 декабрь куни кечаси ижтимоий тармоқларда Энгельсдаги портлаш ҳақида хабарлар тарқалди. Фойдаланувчилар шаҳардаги сирена товушлари туширилган видеоларни эълон қилган. Шунингдек, портлаш овози эшитилган кузатув камераси видеоси ҳам пайдо бўлган.

Baza’нинг маълум қилишича, портлашдан кейин аэродромда ёнғин юзага келган бўлиб, у 120 квадрат метрни эгаллаб олган. Шунингдек, ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган ва яна тўрт киши жароҳат олган.

Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргиннинг маълум қилишича, Энгельс аҳолиси ҳаётига «мутлақо ҳеч нарса» хавф солмаяпти ва турар жой даҳаларида фавқулодда бирор ҳолат юз бермаган.

«Фуқаролик инфратузилмаси объектларига зарар етмаган. Ҳарбий объектларда содир бўлган воқеа куч тузилмалари томонидан текширилмоқда», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, 5 декабрь куни Россиянинг Саратов вилоятида номаълум дрон аэродромга ҳужум қилганди. Дрон иккита самолётга зарар етказган, икки киши жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган.

Аввалроқ Россияга дрон етказиб бергани учун Эрон ҳарбий объектларига зарбалар бериш таклиф қилинганди. Европа иттифоқи эса Россияга дрон сотгани учун Эронга нисбатан санкциялар қўллаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: