9:32 | 27.08.23

                       

Ўзбекистон Россия ва Украина ўртасидаги урушда кимнинг томонида?

Bugun.uz мамлакат ички ва ташқи сиёсатда Украина масаласига қандай ёндашаётганини таҳлил қилди.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украинани 24 август куни нишонланадиган миллий байрам — Мустақиллик куни билан табриклади. Украин тилидаги табрик элчихонанинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинди, деб хабар бермоқда Gazeta.uz нашри.

Қадрли украин дўстлар, сизларни миллий байрам — Мустақиллик куни билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Ишончимиз комилки, халқларимиз ўртасидаги анъанавий ва кўп йиллик дўстлик ришталари бундан буён ҳам давом этади. Фурсатдан фойдаланиб, сизларга осмонингиз тинч бўлишини, абадий гуллаб-яшнаш ва фаровонликни тилаб қоламиз, — дейилган элчихона хабарида.

Ўзбекистон расмийларининг бу табриги Украинани тўла қўллаб-қувватловчи Ғарб жамияти олдида ўзига хос юриш бўлди. Постсовет ўлкаларининг сўнгги вақтларда бўлаётган вазиятга муносабати ташқи сиёсатдаги «бетарафлик» позициясига уйғундек тассавур уйғотади.

Аввалроқ, Тошкентдаги кўп қаватли уй балконидан Украина байроғининг ечиб олиниши мамлакат жамоатчилигида норозиликларга сабаб бўлганди. Устига-устак, хонадон «Янги Москва» турар жой комплексида жойлашгани ҳам тасодиф эмасдек.

Фото: BBC

Юқоридаги каби воқеалар, эҳтимол, урушдан бошқа пайтда ёки умуман айрича шароитда юз берганида, бунчалик резонансга сабаб бўлмасди.

Украинадаги уруш дунёнинг қайта қутблашувига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда, урушаётган давлатларни қўлловчи икки томон “биз тарафда эмасмисиз, демак бизга қаршисиз” қабилида сиёсат юритяпти. Бу, айниқса, учинчи дунё давлатларига нисбатан ташқи сиёсий босимларнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятда бетараф позицияни сақлаб қолиш, мамлакат манфаатларидан келиб чиқиб сиёсат юритиш жуда мураккаб.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Термиз шаҳрида ўтказилган учрашувда Ўзбекистоннинг ким томонда, қандай сиёсий позицияда экани тўғрисида гапириб ўтган.

Мирзиёевнинг бу фикрлари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифидан кўп ўтмай баён қилинган. Президент ўз нутқида, «катта-катта» давлатлар Ўзбекистон раҳбариятидан мамлакат ташқи сиёсатда ким томонда эканини билдиришини талаб қилаётганини таъкидлаган эди.

АҚШ давлат котибининг ташрифи феврал-март ойларида амалга оширилган. Котибни Тошкент аэропортида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи (ҳозирда вазир) Бахтиёр Саидов кутиб олган.

Суратда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов тасвирланган. Фото: Бахтиёр Саидовнинг Тelegram канали.

АҚШ котибининг бир неча кунлик ташрифи Россия тарафи учун сигнал вазифасини ўтаган. Ташрифдан сўнг, Бахтиёр Саидов ўз Telegram каналига қуйидаги мазмунда пост жойлайди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Жаноби Олийлари билан самарали учрашув ўтказдик. Бизнес алмашинувлари учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон кадрлар салоҳиятини ошириш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва бошқа қатор масалалар бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга келишиб олдик. АҚШ Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар дастурини мунтазам ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини юксак қадрлаймиз.

2022 йилнинг ноябрь ойида эса, Украина томони Ўзбекистон учун нохуш бўлган баёнот билан чиқди. Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий La Republica нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон ва Қозоғистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётганини иддао қилган.

Улар (руслар), шунингдек, Хитой ва Шимолий Кореяга, эҳтимол Қирғизистонга қурол-яроғ, хусусан, бир нечта ракета тизими учун тўплар, «Смерч» ва «Ураган» етказиб бериш учун мурожаат қилишган. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония фуқаролик компонентларини сотиш учун санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беради, — деган у.

Украин мулозимининг бу баёноти Тошкентдаги Украина элчисининг Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилишига сабаб бўлди.

Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий. Фото: Focus.ua

Маълум қилинишича, элчига Украина Мудофаа вазирлиги вакилининг амалдаги санкция чекловларини четлаб ўтиб, икки мақсадли маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган асоссиз баёноти муносабати билан жиддий хавотир билдирилган.

Бу ҳолат Ўзбекистонга нисбатан айтилган биринчи айблов эмасди. 2022 йил октябрда Ижтимоий тармоқларда Украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеоинтервьюси тарқалди. Интервьюда Эроннинг учувчисиз ўчоқлари (дрон) Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Ҳолатга Ташқи ишлар вазирлиги томонидан муносабат билдирилиб, Ўзбекистон Эрон билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмаслиги ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмаслиги айтиб ўтилган.

Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон телевидениесида Украина байроғи билан боғлиқ можароли вазият ҳам юзага келган.

«Yoshlar» телеканали эфирида узатилган футбол ўйинида экранда Украина байроғи хиралаштирилган (блурланган) шаклда намойиш этилди. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти воқеага жиддий норозилик билдирди. Давлат телеканали билан бундай ҳолатнинг кузатилиши одамларда бир қатор саволларни туғдирди.

Фото: Yoshlar телеканали

Ҳолатга муносабат билдирган телеканал маъмурлари бор айбни монтаж устасига «ағдарган» ҳамда келтирилган ноқулайлик учун узур сўраган.

Шу ва бошқа ҳолатларда Ўзбекистон раҳбариятининг Украина масаласида жуда эҳтиёткорона ёндашуви, бунда иккала томон билан ҳам алоқаларнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик ҳамда барча муносабатларда мамлакат манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши намоён бўлади. Мазкур позицияни давлат оммавий ахборот воситаларида Украинадаги воқеаларнинг ёритилишида (аслида ёритилмаслигида) ёки ҳукумат вакилларининг интервьюларида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2022 йилнинг ноябр ойида маданият вазири Озодбек Назарбеков «Озодлик» радиоси мухбирининг Украина уруши юзасидан шахсий позицияси ҳақидаги саволига жавоб бера олмаганди. Назарбеков вазир сифатида ҳукуматнинг позициясини қўллаб-қувватлаши, «шахсий қарашларини эса мухбир унинг уйига борганида қулоғига айтишини» билдирган. Шунингдек, у урушни қўлловчи россиялик санъаткорларнинг Тошкентда концерт беришига ҳам муносабат билдирган эди.

«Бу ҳолатларга Ўзбекистоннинг позицияси маълум. Ҳар икки тарафнинг хоҳиш ва истакларини на қўллаш ва на қоралаш позициясида турибмиз. Россиядан жуда кўп машҳур санъаткорлар бизда концерт беришга ҳар йили келади. Уларнинг Ўзбекистонда мухлислари борлигини эътироф этамиз. Бозори борлиги учун ҳам келади. Бўлмаса, келмасди. Халқимиз уларни яхши кўради. Мана шу ҳолатларда ўзларининг сиёсий позицияларини эълон қилишлари ёки бўлмаса, сиёсий позицияларини тарғиб қилишларига биз йўл қўйганимиз йўқ. Йўл қўймаймиз ҳам. Бу бўйича муносабатимизни ҳам билдирдик. Ўз қароримизни ҳам қабул қилдик. Бу масалага шунчаки қўл силтаб кетаётган жойимиз йўқ. Санъаткорлар қайси давлатдан келиб концерт берса ҳам, уларга ҳар доим сиёсий масалаларни бу ерда ҳал қилмаслик вазифасини қўймоқдамиз», деган эди вазир.

Ўтган йилнинг июн ойида собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Сенатда қилган чиқишида Украинада кузатилаётган ҳолат ва бунда Ўзбекистон эгаллаган сиёсий позиция аниқ ва равшан қилиб баён этилди. Вазирнинг бу чиқиши сиёсат олами вакилларини ўзига жалб этиш билан бир қаторда, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ўрнини мустаҳкамлашга ҳам кўмак берган.

Вазир Украинадаги вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий-дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаганди.

Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик, — деди Ташқи ишлар вазири.

Бу Комиловнинг илк баёноти эмас. Март ойида ҳам собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украина уруши юзасидан муҳим баёнот берган. 13 март куни Абдулазиз Комилов Туркияда бўлиб ўтган II Дипломатик форум доирасида Украинадаги вазият юзасидан муносабат билдириб, зўравонликнинг тўхтатилишини исташини билдирган.

Биз жуда хавотирдамиз. Бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Аммо, дунёдаги аксарият одамлар сингари, биз ҳам зўравонликнинг тўхтатилишини ва барча муаммолар сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилинишини хоҳлаймиз, — дея таъкидлаган собиқ вазир ANews нашрига берган интервьюсида.

Собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. Фото: XS.UZ

Қизиғи, айни август ойининг 24 санасида Шавкат Мирзиёев Украина президентига байрам табриги йўллаган ва бу хабар кенг жамоатчиликка Президент Администирацияси томонидан эмас, балки, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан маълум қилинган.

Шу ойда икки томонлама муносабатларимиз тарихидаги муҳим сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаётганимизни ҳам мамнуният билан қайд этаман. Ҳеч шубҳа йўқ-ки, анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон–Украина муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан кейин ҳам ривожланиб бораверади, — дейилган табрикномада.

Ваҳоланки, Украинада Россиянинг «махсус операция»си бошланишидан 2 йил аввал, 2020 йилнинг 24 август куни давлат раҳбари Владимир Зеленскийни мамлакат Мустақиллик байрами билан табриклаган ва бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берганди.

Давлат раҳбарининг Владимир Зеленскийга йўллаган табриги ўтган 2022 йилда ҳам унинг матбуот хизмати томонидан эмас, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси расмий сайтида эълон қилинганди.

Умуман олганда, Собиқ Иттифоқнинг бошқа давлат раҳбарлари ҳам Владимир Зеленскийга очиқ табрик юбормаган. Бироқ, бу ҳеч бир давлат Украинани очиқчасига қутламади, дегани эмас.

Масалан, Молдова президенти Майя Санду Зеленскийга йўллаган мактубида «Украина минтақада тинчлик ва хавфсизликни ҳимоя қилиб, миллионлаб европаликлар учун эркинлик қўрғонига айлангани»ни таъкидлаган.

«Бугун Украина Мустақиллик кунини муносиб нишонламоқда. Мустақиллик фуқароларнинг ўз келажагини ўзлари ҳал қилиши, ўз давлатини ўзи истагандек қуриш эркинлигига эга бўлишидир. Украиналиклар ўзларининг чексиз жасорати ва қатъияти билан ҳар куни бизга бу ҳақиқатни эслатиб туришади. Украина минтақада тинчлик ва хавфсизликни ҳимоя қилиб, миллионлаб европаликлар учун эркинлик қўрғонига айлангани учун биз чексиз миннатдормиз. Шу куни умид қиламанки, украиналикларнинг уйларига тинчлик тез орада қайтади ва Украинанинг Мустақиллик куни ҳеч қачон уруш ва азоб-уқубатлар соясида қолмайди. Украинага шон-шарафлар!», дейилади қутлов мактубида.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили йўллаган видеотабригида Украина халқига мамлакат бу урушда ғалаба қозониб, ўз ҳудудларини қайтариб олиши ва эртанги хавфсиз ва фаровон Европанинг устунига айланишини тилаб, «ғалаба кунида биз сиз билан бирга бўламиз», деб айтган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса Владимир Зеленскийга йўллаган табригида мамлакати Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишини билдирган.

«Озарбайжон БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига амал қилган ҳолда, барча мамлакатларнинг, жумладан, Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Биз Украина халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларини доимо диққат марказида ушлаб турамиз ва бундан кейин ҳам зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканимизни билдирамиз. Озарбайжон ва Украина ўртасидаги дўстона муносабатларни кенгайтириш, халқларимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттиришимизга ишонаман. Ушбу байрам кунида сизга энг эзгу тилакларимни изҳор этаман, дўст Украина халқига тинчлик ва осойишталик тилайман», дейилади мактубда.

Халқаро майдонда доим Россияни қўллаб келувчи ва айни пайтда унинг тактик-ядровий қуроллари жойлаштирилган, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчиларига бошпана берган Беларуснинг президенти Александр Лукашенко ҳам Украинани мустақиллигининг 32 йиллиги билан табриклади. Аммо табрик матнида Зеленскийнинг номи тилга олинмаган. Давлат раҳбари «Минск қарама-қаршиликка барҳам бериш учун қўлидан келган ҳамма нарсани ва ҳатто ундан ҳам ортиғини қилишга тайёр эканини» билдирган.

Марказий Осиё давлат раҳбарлари ва Арманистон бош вазири эса Украинани табриклашда бироз эҳтиёткор йўл тутди. Қозоғистон президентининг матбуот хизмати Тўқаев Владимир Зеленскийни Украина мустақиллик байрами билан табриклагани ҳақидаги 18 та сўздан иборат хабарни эълон қилди. Лекин мактуб мазмуни очиқланмади. «Коммерсанть»га кўра, Қозоғистон раҳбари йўллаган телеграммада «мустақиллик қадриятлари суверенитет ва давлатчиликнинг бузилмас асоси бўлиб, бундан кейин ҳам Украина тараққиёти ва фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини» ёзган. Шунингдек, у Владимир Зеленскийга «куч ва муваффақият», Украина халқига эса «тинчлик ва фаровонлик тилаган.

Тожикистон ва Туркманистон президентлари ҳам Владимир Зеленскийга соғлик-саломатлик, Украина халқига фаровонлик тилаш билан чекланган бўлса, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Украина президентига табрик йўллагани маълум қилинмаган.

Гарчи Ўзбекистон очиқдан-очиқ Украина ёки Россияни қўлламаса ҳам, баъзи таҳлилчилар мамлакатнинг «нейтрал» позицияси «Украинага бироз ён босувчи» нейтраллик эканини таъкидлайди. Мамлакат урушаётган томонлар билан, айниқса асосий стратегик ва савдо ҳамкорларидан бири Россия билан алоқалари ёмонлашувини асло истамайди. Бу давлат манфаатларига ҳам зид, албатта. Аммо бу халқаро майдонда Россия ҳарбий интервенциясининг қўллаб-қувватланишини англатмайди.

Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Украина масаласида қабул қилинган бир қатор резолюцияларда Ўзбекистоннинг Россияни қўллаб овоз бермаганида ҳам кўриш мумкин. Шу билан бирга, Россияга қарши қарорларда Ўзбекистон томони ё овоз беришда қатнашмаган, ёки бетараф позицияни сақлаб қолган.

Масалан, 2022 йилнинг 2 март куни БМТ Бош Ассамблеяси «Украинага қарши тажовуз» резолюциясини қабул қилди. Резолюция 141 давлат томонидан маъқулланган, 35 та бетараф ҳамда 5 та қарши овоз берган давлат қайд этилган. Ўзбекистон эса, ушбу резолюцияга овоз беришда қатнашмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам юбориш, унга баҳоли қудрат кўмак беришда ҳам четда тургани йўқ. Мисол учун, 2022 йилнинг 6 июнида Ўзбекистондан Украинага гуманитар ёрдам етиб борган. Закарпатьега қиймати 1 миллион доллардан зиёд 19 тоннадан ортиқ дори-дармон воситалари етиб борган. Гуманитар ёрдам жанглар олиб борилган ҳудудлар ва касалхоналардаги ҳарбий шифокорларга жўнатилиши айтилган.

Суратда Ўзбекистондан Украинага етиб борган гуманитар ёрдам тасвирланган. Фото: carpathia.gov.ua

Таъкидлаш жоизки, бу Украинага жўнатилган ягона ёрдам эмас. Ўзбекистон ўтган йилнинг апрел ойида ҳам Украинга гуманитар ёрдам карвонини жўнатган. 8 апрел куни Ўзбекистондан Украинага 34 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами етиб борган. Закарпатье вилояти раҳбари Виктор Микита кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирган.

Шу йилнинг август ойида эса Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 бола ва 5 нафар ҳамроҳлик қилувчи гуруҳ Ўзбекистонга келган эди. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко маълум қилган.

Фото: Facebook/Николай Дорошенко
May be an image of 8 people
Фото: Facebook/Николай Дорошенко
May be an image of 6 people and text
Фото: Facebook/Николай Дорошенко
May be an image of 4 people
Фото: Facebook/Николай Дорошенко
May be an image of 14 people and table
Фото: Facebook/Николай Дорошенко

 

«Украина элчихонасининг болаларга психологик мувозанатни тиклаш, Украина шаҳарларига ҳар куни амалга оширилаётган ҳаво тревогалари ва ракета ҳужумларини унутишга ёрдам бериш ҳақидаги мурожаатига меҳр билан жавоб берган Ўзбекистон бизнес ва жамоат ташкилотлари вакилларига катта раҳмат», деган у.

Харьков, Херсон, Николаев, Запорожье, Суми, Хмельницкий, Львов ва Киевдан келган болалар 12 кун давомида “Anor” тоғ оромгоҳида дам олиши белгиланган.

Албатта Украинага кўрсатилаётган ёрдамнинг аксар қисми хусусий сектор томонидан амалга оширилмоқда. Бироқ бу ҳаракат давлатнинг ташқи сиёсатдаги имижини ҳам белгилаб беради.

Юқорида таъкидланганидек, дунёда кучлар мувозанати ўзгараётган, гегемон давлатлар ўзларининг «дўст-душман»ларини қайта аниқлаштираётган айни вақтда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон раҳбариятининг Украинадаги уруш бўйича бетараф позицияни сақлаб қолишга уриниши, икки томон билан ҳам дўстона алоқаларни йўқотмаслик, кўп векторли ташқи алоқаларни давом эттириш мақсадида сиёсат юритиши табиий ҳол сифатида қаралиши мумкин. Аммо бу йўлда дуч келиши мумкин бўлган ташқи босимлар мамлакат тутган позицияга таъсир ўтказмаслиги керак.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: