12:00 | 22.11.22

                       

«Узиб қўйишлар учун жарима тўланиши ёки зарар қопланиши керак» — ХДП

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш тизимларини қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келган

Ўзбекистон Халқ демократик партияси узиб қўйишлар учун жарима тўланиши ёки зарар қопланиши кераклигини маълум қилди.

Партиянинг қайд этилишича, бу борада кўплаб муаммолардан ташқари, иккита долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур:

  • биринчидан, аҳолини электр энергияси, газ, кўмир билан таъминлаш тизимларини қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келган. Аввало, ҳар бир ҳудуд кесимида эҳтиёжнинг реал миқдори аниқланиши зарур ва шу асосда энергия манбалари, куз-қиш ойлари келмасдан, қайта тақсимланиши ёки ташкил этилиши керак;
  • иккинчидан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда кафолатланган ҳуқуқлар таъминотчи корхона-ташкилотлар томонидан мунтазам бузилмоқда. Хусусан, электр энергия ва газ учун аввалдан тўлов бўлгани ҳолда, истеъмолчилар ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз электр таъминотидан узиб қўйилмоқда.

«Бу ноқонуний, ноинсоний муносабатдир. Ҳеч бир юртдошимиз, ҳеч бир истеъмолчи қишли-қировли кунларда хонадонида ёши улуғ ота-оналари, гўдаклари, ҳомиладор аёллари совуқдан қийналишига тоқат қила олмайди», — дея таъкидланади хабарда.

Тадбиркорлар ёки ижтимоий соҳа ташкилотлари ҳам электр энергиясидан асоссиз узилган вақтларида оғир муаммоларга дуч келмоқда. Совутгичлар ишламагани сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз ҳолга келмоқда, кичик бизнес вакилларида ишлаб чиқариш тартиби бузилмоқда, иссиқхоналарга экилган, каттагина маблағ сарфланган ўсимликларни совуқ уриши оқибатида деҳқонлар катта зарар кўрмоқда. Кутилмаган ва кўнгилсиз ҳолатларнинг аксарияти таъминотчиларнинг ўз вазифаларига масъулиятсиз қараши сабаб рўй беряпти.

Қайд этилишича, Фуқаролик кодексининг 14-моддасида зарарни қоплаш масаласи аниқ белгиланган. Унга кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

«Аслида коммунал хизматлар учун аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар ҳар иккала томонга баравар масъулият юклаши зарур. Бунинг учун барча коммунал хизматлар учун таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартномаларга юридик ҳужжат мақоми берилса, шартнома талаблари бузилган тақдирда истеъмолчининг хуқуқлари қонунан ҳимоя қилиниши бўйича асос яратилади. Етказиб берувчи ташкилотларнинг истеъмолчилар олдидаги мажбуриятини ошириш шарт. Олдиндан тўлов мавжуд бўлган ҳолларда энергиядан асоссиз узилган давр, истеъмолчига етказилган зарар учун таъминотчи жарима тўлаши ёки зарарни қоплаши белгиланиши керак. Шунда таъминотчи ташкилотларнинг халқимиз, истеъмолчилар олдидаги масъулияти ошиб, етишмовчиликлар ва бошқа камчиликларнинг сабабларини бартараф этишга кўпроқ жавобгарлик ҳис қиларди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухорода электр таъминоти кунига 8 соатгача ўчирилиши мумкинлиги, Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотига чекловлар киритилаётгани, Тошкентда баъзи ҳудудлар электр энергияси таъминотидан вақтинча узилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларидаги айрим ҳудудларда электр узатиш линияларидаги таъмирлаш ишлари сабаб 31 октябрь куни электр узатиш вақтинча тўхтатилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: