17:36 | 05.02.23

                       

Афғонистон Ўзбекистонни шартномани бузганликда айблади

Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлидан фойдаланиш тўхтатилганини маълум қилганди ҳамда Афғонистонни айблаганди

Аввалроқ Ўзбекистон томонидан қурилган ва хизмат кўрсатиб келган Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўл бошақаруви бўйича шартомани Қозоғистоннинг Мансоур Фатиҳ компанияси ютиб олиниши сабабли Ўзбекистон Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлини бошқариш ҳуқуқидан айрилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан кейин «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ушбу хабар ёлғонлигини билдирди ҳамда Афғонистон ҳудудидаги темир йўлларга хизмат кўрсатиш (эксплуатация)да иштирок этиш учун афғонистонлик маҳаллий техник ходимларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича амалдаги шартномани узайтириш ва йўл харитасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.

Янги келишув имзоланганига қарамасдан 1 февраль куни «Ўзбекистон темир йўллари» Афғонистон темир йўлидан фойдаланиш тўхтатилганини маълум қилди ҳамда ушбу ҳолат юзасидан Афғонистон томонини айблади.

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг хабарида айтилишича, Ғалаба—Ҳайратон темир йўлидан фойдаланишда 2022 йил 26-30 декабрь кунлари Термизда ўтказилган музокаралар давомида 2023 йилнинг 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилган эди. Бироқ Афғонистон темир йўл бошқармаси келишувни амалга оширмаётгани сабабли Ҳайратон—Мозори Шариф йўналишида темир йўл орқали юк ташиш тўхтатилган.

Мавзуга доир: Толибон Ўзбекистондан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилди

Афғонистон темир йўл бошқармаси расмийлари ушбу хабарлар фонида «Ўзбекистон темир йўллари»ни Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлининг техник масалалари бўйича янги келишувни бузганликда айблади. Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари Бахт-ур-Раҳмон Шарафт сўзларига кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» билан имзоланган янги шартномага кўра, Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўл алоқасини бошқариш учун 16 нафар ўзбекистонлик жалб қилиниши керак, Бироқ Ўзбекистон томони 65 кишини иш билан таъминлашни талаб қилимоқда.

«Муаммо шундаки, биз Ўзбекистондан келган 16 нафар техник ходимни ишлашига келишиб олгандик, бироқ улар бир томонлама шартнома жўнатишди ҳамда 16 ходим ўрнига 65 нафар ходим қайд этилган. Уларнинг ҳар бирининг маоши 6 минг АҚШ долларни ташкил этади. Бу жуда катта маблағ ва биз уни тўлашга қодир эмасмиз», – дейди Шарафт.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Ўзбекистон 1 февралдан бошлаб Қозоғистон компаниясига техник ишларни топшириши керак эди. Аммо бунинг ўрнига «Ўзбекистон темир йўллари» Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўли орқали халқаро юк жўнатишни тўхтатиб қўйган. Бундан ташқари, Афғонистон томонининг сўзларига кўра, айни пайтда муаммони ҳал қилиш учун тегишли ишлар олиб борилмоқда ҳамда Афғонистон делегацияси ушбу масала юзасидан Ўзбекистонга боришга тайёрлигини маълумқ қилган.

Аввалроқ Толибон мамлакатда электр энергиясидаги узилишларда Ўзбекистонни айблагани ҳамда Ўзбекистон Толибон айбловларини рад этгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, «Толибон» Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналишини тасдиқлаганди. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонга «Термиз» халқаро савдо маркази имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: