22:02 | 27.12.23

                       

Денов ва Қизириқ туманларининг собиқ ҳокими қамалди

Шунингдек, Шўрчи туманининг аввалги ҳокимига суд ҳукми ўқилди.

Бугун, 27 декабр куни Сурхондарё вилоятининг бир нечта туманлари собиқ ҳокимлари қамалгани ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов расмий маълумот берди.

Келтирилишича, Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Олтинсой туман судининг 2023 йил 4 сентябрдаги ҳукмига мувофиқ, Шўрчи туманининг ҳокими лавозимида ишлаган Бахтиёр Худойберганов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а», «в», «г» бандлари, 184-1-моддаси (бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 7 ноябрдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг Худойбергановга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан ташқари, Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг 2023 йил 7 декабрдаги ҳукмига мувофиқ, Денов ва Қизириқ туманларининг собиқ ҳокими Рустам Пардаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил 6 ой муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ҳозирда Пардаев ва унинг ҳимоячилари томонидан биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриш учун расмийлаштирилмоқда.

Маълумот учун, Бахтиёр Худойберганов 2019 йилнинг сентябр ойидан 2023 йилнинг январ ойига қадар Шўрчи тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган. Рустам Пардаев эса 2020-2022 йилларда Денов тумани ҳокими, 2022 йилнинг феврал ойидан 2023 йилнинг январ ойига қадар Қизириқ тумани ҳокими бўлиб ишлаган. Охирги пайтларда «Ўзагросуғурта» АЖ Сурхондарё вилоят филиали бошлиғи лавозимида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев коррупцияга қарши курашиш тадбири доирасида бюджет пулларини ўзлаштирганликда айбланиб қўлга олинганди. Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султанов ерларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ иш доирасида ушлангани маълум қилинганди. Бундан ташқари, Bugun.uz Бухоро тумани ҳокими Хайрилло Жўраев қамоққа олингани, Избоскан туманининг собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов ноқонуний қарорлар чиқариб, ер майдонларини талон-торож қилинишига йўл қўйганлиги учун қамоққа олингани ҳақда хабар берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: