9:56 | 21.05.24

                       

Эрон президентининнг дафн маросими 23 май куни бўлиб ўтади

Эрон президентининнг дафн маросими 23 май, пайшанба куни кечқурун Маҳшаддаги Имом Ризо мақбарасида бўлиб ўтади.

Эрон президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган эди. Қидирув ишларидан кейин унинг вафот этгани аниқланди. Унинг дафн маросими 23 май куни Машҳад шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Муҳсин Мансурий баёнотига асосланиб, «ТАСС» хабар берди.

Маълумотларга кўра, Эроннинг шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида дафн маросимига тайёргарлик бошланган. Маросимда кўп сонли оломон тўпланиши инобатга олиниб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

«Оятуллоҳ Раисий дафн маросими пайшанба куни кечқурун Имом Ризо мақбарасида бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.

Машҳад марҳум Эрон президентининг она шаҳри бўлиб, мамлакат шиаларининг зиёрат марказларидан бири ҳисобланади. Ушбу шаҳарда барча расмий маросимларини бекам-у кўст бажариш учун дафн маросимини ташкил этиш қўмитаси ташкил этилгани хабар қилинган.

Ҳозирда Эроннинг кўплаб шаҳарларида шаҳидлар билан видолашув тадбирлари ўтказилаётгани билдирилган. Иброҳим Раисий жасади Теҳрон бош масжидига олиб кетилган. У билан ҳамроҳ бўлиб ҳалок бўлган олий давлат амалдорлари жасадлари эса Теҳрондан унча узоқ бўлмаган Қум шаҳридаги масжидга юборилгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Бортда президентдан ташқари Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳён ва Шарқий Озарбайжон губернатори Оятуллоҳ ал-Ҳошим бўлган. Иброҳим Раисий Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан учрашувдан қайтаётган бўлган. Давлат раҳбарлари Арас дарёсидаги тўғон очилиши маросимида иштирок этган. Вертолётнинг ҳалокатга учраши оқибатида барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди.

Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.

Мавзуга доир:

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: