13:45 | 20.12.23

                       

Фуқароларни Green card’да ютиб чиққани ҳақида алдаб, пулини шилган тадбиркор 5 ярим йилга қамалди

Самарқандлик тадбиркор ўйлаб топган корхона одамларни лотереяда АҚШга йўлланмани ютиб олганига ишонтирган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, 2020 йилда ташкил қилинган Lucky Flight Travel МЧЖ раҳбари Акром Шодмонов Самарқандда Green card лотереясини ўйнаган фуқароларга телефон қилиб, ғолиб чиққанини айтиб, офисига чақирган ва «суюнчи» эвазига 200 долларидан олиб келган.

Бундан ташқари, баъзи хизматларни кўрсатиш учун, хусусан, Electronic diversity visa program дастури бўйича анкета тўлдириш ва унинг ғолибларини CEAC тизими орқали DC-260 формаларини тўлдириш, ҳужжатларни тўплаш ва уларни инглиз тилига таржима қилиш, элчихонага навбатга ёздириш каби хизматлар юзасидан пуллик шартнома тузган ва фуқаролардан турли суммадаги пулларни олган.

Ҳолат юзасидан ЖИБ Самарқанд шаҳар судида суд мажлиси бўлиб ўтган ва суд ҳукмига кўра, 50 ёшли Акром Шодмоновга тегишли моддалар тартибида узил-кесил 5 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ўтказган ҳолда 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. Бундан ташқари, унинг жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаши белгиланган.

Иш ҳужжатларига кўра, Шодмонов Акром ушбу ҳаракатларни амалга оширишда дастлабки тергов органи томонидан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахс билан тил бириктирган. Улар ғолиб бўлгани айтилиб, офисга чақирилган фуқароларни ишонтириш учун гўёки Green card дастурининг расмий веб-сайти орқали текшириб бераётгандек тасаввур уйғотиш учун ўзларини компютернинг АҚШ байроғи ва герби акс этган экранида маълумотларни киритгандек кўрсатишган. 5 та фуқаро билан шундай усулда жами 187 219 764 сўм маблағлар турли саналарда нақд ва пластик карта орқали ўзлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда АҚШга юборишни ваъда қилган шахс ушланганди. У Мексика орқали жўнатиш эвазига фуқародан 17 минг доллар сўрагани маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: