16:13 | 25.01.23

                       

Ўзбекистон ва Туркия Афғонистондаги мавжуд вазиятни муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов туркиялик ҳамкасби Мевлут Чавушўғлу билан учрашув ўтказиб, Афғонистондаги мавжуд вазият ва минтақавий сиёсатнинг бошқа масалалари муҳокама қилган

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Туркия ТИВ раҳбарлари Бахтиёр Саидов ҳамда Мевлут Чавушўғлунинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.

Фото: «Дунё» агентлиги

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Мевлут Чавушўғлу Ўзбекистоннинг ИҲТга раислиги Ташкилот доирасидаги ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, унинг жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга хизмат қилганини таъкидлаган. Бўлажак икки томонлама тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, жумладан, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасидаги Стратегик режалаштириш гуруҳи ҳамда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Шунингдек, Афғонистондаги мавжуд вазият ва минтақавий сиёсатнинг бошқа масалалари муҳокама қилинган. Учрашувда икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алмашувни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Афғонистонга 58 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатилганди. Шунингдек, Афғонистонда рўй берган зилзила оқибатида жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборганди. Кобулда 25 июнь куни Кобулда Афғонистон халқига инсонпарварлик юкларини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтганди.

Декабрь охирларида Термиздан инсонпарварлик юки ортилган 9 та машина Афғонистонга жўнаб кетганди. Ўзбекистон ҳукуматининг биродар афғон халқига энг бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кийим-кечаклардан иборат жами 170 тонналик навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари ортилган автомашиналар карвони Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Калдор туманига етказилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: