21:35 | 13.01.23

                       

«Россия ўз армияси сонини 2 млн кишига етказиш ниятида» — Украина разведкаси

Россия ўз армиясидаги ҳарбий хизматчилар сонини 2 миллионга қадар оширади. Украина разведкасига кўра, Россияда қисман сафарбарлик доирасида ҳозирга қадар 300 минг киши армияга жалб этиб бўлинган ва янги сафарбарлик тўлқинининг эълон қилиниши истисно этилмаяпти

Россия ўз армиясидаги ҳарбий хизматчилар сонини 2 миллионга қадар оширади. Бу ҳақда Украина разведаси маълум қилди, деб хабар беради Meduza.

Фото: «Informator.ua»

Қайд этилишича, Украина разведкаси Россиядаги сафарбарлик тадбирлари кўламини баҳолаб шундай хулосага келган. Идоранинг баёнотида келтирилишича, Россияда қисман сафарбарлик доирасида ҳозирга қадар 300 минг киши армияга жалб этиб бўлинган ва янги сафарбарлик тўлқинининг эълон қилиниши истисно этилмаяпти.

Украина ҳарбий разведкаси, шунингдек, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг мамлакат армияси сонини 1,5 миллион кишига ошириш тўғрисидаги сўзларини келтирган.

Украина ҳарбий разведкаси Россия ҳукумати 2022 йил октабрда сафарбарликка жалб этилган 300 минг ҳарбийга қўшимча равишда яна 500 минг кишини армияга жалб этиш ниятида эканини маълум қилганди. Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков иккинчи сафарбарлик тўлқини эълон қилиниши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ бериб, Telegram каналларда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини тўғрисида тарқалаётган постларга жиддий эътибор бермасликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган эди. Шундан сўнг Россия фонд бозори кескин қулаган. Сергей Шойгу сафарбарликка асосан кимлар чақирилишига ойдинлик киритганди. Сафарбарлик эълон қилиниши фонида мамлакатни оммавий тарк этишлар ортиб кетган ва бунинг оқибатида қатор шаҳарларга авиарейслар учун чипталар тугаб қолганди.

Россия чегараларида давлатдан чиқиб кетаётган фуқароларнинг узун тирбандликлари юзага келганди. Қисқа вақтда мамлакатни 260 минг эркак тарк этганди. Forbes эса Россияни сафарбарлик бошланганидан бери 600-700 минг киши тарк этгани ҳақида ёзган. Сафарбарликнинг «иккинчи тўлқини» бошланиши ҳақидаги гаплар тарқаганидан сўнг Дмитрий Медведов буни рад этган. Путин эса октябрь ойининг ўрталарида сафарбарлик тахминан 2 ҳафтада тугашини эълон қилган. Аввалроқ Москвада сафарбарлик ниҳоясига етганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: