22:01 | 21.12.23
Вазирликнинг расмий вакили Захарова россиялик сиёсатчининг баёнотлари давлатнинг расмий позициясига зид эканлигини айтди.
Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова «Справедливая Россия – за правду» партияси раиси, сиёсатчи ва ва ёзувчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни мамлакат таркибига қўшиб олиш тўғрисидаги баёнотлари Федерациянинг расмий позициясига зид эканлигини айтиб чиқди.
«Прилепиннинг Ўзбекистонни қўшиб олиш ҳақидаги баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, бу Россиянинг расмий позициясини англатмайди», — деган вакил.
Захарова икки мамлакатни аввало, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туришини таъкидлаган. Шунингдек, у айни вақтларда Россия ҳукумати миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада тартибли ва ўзаро манфаатли қилиш учун бир қатор тартибга солиш, ташкилий, ахборот ва бошқа чора-тадбирлар устида ишлаётганини қўшимча қилган.
«Миграция масалаларида Россия чет элдан, биринчи навбатда, дўст мамлакатлардан меҳнат ресурсларини жалб қилиш ҳам Россия, ҳам бундай хизматларни экспорт қилувчи давлатлар манфаатларига фойда эканлигини кўп бора айтиб келмоқда»,— деган Захарова.
Маълумот учун, «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда сиёсатчи ва ва ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш кераклигини айтиб, мисол тариқасида Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишни таклиф қилган эди.
Аввалроқ, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш таҳдидига «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов жавоб қайтарганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Прилепиннинг таҳдиди фонида етарли Қуролли кучларига эгалигини эслатиб, Мудофаа доктринасини ҳам келтириб ўтди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: