21:00 | 24.02.23
@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Марказий Осиёнинг «бомба»си деб айтилаётган Сарез кўлига Тожикистондаги зилзилалар зарар етказмагани маълум бўлди
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълум қилишича, 23 февраль куни мамлакатда юз берган 9 та ер силкиниши (энг юқориси 6,8 балл) Сарез кўлига таъсир кўрсатмаган. Аниқланишича, зилзилалар эпицентри тоғли ҳудудларда ва Мурғоб вилояти маркази билан Сарез кўли оралиғидаги чўл, одам яшамайдиган ҳудудда кузатилган. Зилзила кучи Ўзбекистонда ҳам сезилган. Айни пайтда Сарез кўлида кузатув ва эрта огоҳлантириш тизими меъёрида ишламоқда. Ўзбекистонлик мутахассис Эркин Абдулаҳатов эса Сарез кўли тўғонидаги эҳтимолий фалокат Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларига зарар етказиши мумкинлиги акс этган эҳтимолий харитани эълон қилди. Тўғоннинг ўпирилиши юз берган тақдирда 3 километрдан ортиқ тепаликдан баландлиги 150 метргача бўлган сел оқими келади. Сув баландлиги 15 метргача (уч қаватли уй баландлигига тенг) бўлиши мумкин. Марказий Осиёнинг «бомба»си деб айтилган Сарез кўли ҳақидаги катта мақолани батафсил ўқишни қатъий тавсия қиламиз (энг камида дайжест муаллифининг тавсияси).
Президент Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берди
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 23 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртига борди. Президент Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртига ташрифи чоғида мутасаддиларга дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, ҳаво мудофаасини янги поғонага кўтариш, тажриба тариқасида учувчисиз қурилмалар йиғишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, давлат раҳбари билим юрти ошхонасида офицер ва курсантлар билан бирга тушлик қилиб, улар билан суҳбатлашди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев курсантлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ҳамда жанговар машғулотларни кўздан кечирди.
Россия Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқишни талаб қилувчи БМТ резолюциясида Ўзбекистон бетараф қолди
БМТ Бош ассамблеяси 23 февраль куни бўлиб ўтган фавқулодда махсус сессиясида Украинада БМТ низоми тамойилларига мувофиқ, имкон қадар тезроқ «кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам» тинчлик ўрнатиш зарурлиги тўғрисида резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда Бош ассамблея аъзолари «Россия Федерациясидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида Украина ҳудудидан барча қуролли кучларини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни» талаб қилган ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. Резолюцияга 141 та давлат ёқлаб овоз берган, 32 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолган, 7 та давлат — Беларусь, Шимолий Корея, Эритрея, Мали, Никарагуа, Россия ва Сурия қарши овоз берган. Беларусь томонидан таклиф қилинган тузатишлар рад этилган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистонга келади
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бир қатор икки томонлама ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун келаси ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюради. Ташриф давомида ўзбекистонлик расмийлар билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Блинкен ташрифни 28 февраль куни Остона шаҳридан бошлаб, минтақадаги бешта давлат — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари билан «АҚШнинг Марказий Осиёдаги давлатлар мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш ва умумглобал муаммоларга ечим излашда минтақа билан ҳамкорлик учун» C5+1 (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) вазирлар учрашувида иштирок этади. Йиғилишда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, энергетика, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Телефонидан диний мазмундаги қўшиқлар топилгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов иши бўйича апелляция суди бошланди
Сардор Раҳмонқуловнинг адвокати биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритгани сабабли 23 февраль куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу апелляция шикоятини кўриб чиқишни бошлади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этган мухбирнинг сўзларига кўра, суд ҳайъати томонидан ОАВ ходимларига мобил қурилмалар билан суд мажлисида қатнашишга рухсат берилмаган. Маълумот учун, аввалроқ Bugun.uz таҳририяти Сардор Раҳмонқулов билан интервью ташкил қилиб, Раҳмонқулов қийноққа солиниб, орган ходимлари томонидан калтаклангани, унинг ҳозирги аҳволи, ростдан ҳам айбдорми, деган шу ва бошқа саволларга аниқлик киритганди.
Шунингдек, бошқа хабарлар:
Хўш, дунёда нима гап?
Путин Украинадаги урушни қандай бошлагани маълум бўлди
Кремлга яқин манбаларнинг таъкидлашича, Украинага ҳужум қилиш борасидаги режадан фуқаролик амалдорлари орасида биринчи бўлиб ташқи ишлар вазири Сергей Лавров хабар топган — бу 24 февралга ўтар кечаси содир бўлган. Шу куни кечаси Путин россиялик бизнесменлар билан ҳам учрашув ўтказган. Маълумотларга кўра, Киев эгаллангач, Украина раҳбарлигига «Путиннинг чўқинтирган отаси» ёки «Путиннинг қадрдони» деб таърифланадиган сиёсатчи Виктор Медведчукни қўйиш режалаштирилган. Айнан Медведчук ФХХ билан бирга Путинни украинлар Россия қўшинларини қучоқ очиб кутиб олишига ишонтирган. Украина қаршилик кўрсатиши маълум бўлгач, Путин урушнинг ҳақиқий баҳосини тушуниб етган. Натижада Владимир Путин яқин дўстига Россиянинг урушга умуман тайёр эмаслигини тан олган ҳамда мамлакат армияси ва саноатининг ёмон даражадалигини «НАТО ҳужуми»дан олдин маълум бўлганидан хурсандлигини билдирган.
Украинага бостириб киришдан олдин Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байденга 12 минг долларлик ручка совға қилгани маълум бўлди
Женевада 2021 йил июнь ойида ўтказилган саммитда Путин Байденга 12 минг долларлик ручка ва ёзув тўпламини совға қилган. АҚШ давлат департаменти совғанинг қабул қилинмаслигини «АҚШ ва Байденнни ноқулай аҳволга солиб қўйган бўларди», дея изоҳлаган. Шу сабабли ҳам қимматбаҳо ҳадя Америка томонидан қабул қилинган. Шунингдек, саммит якунида Байден ҳам Путинга Америка бизонининг биллур ҳайкалчаси ва авиатор кўзойнагини совға қилган.
Хитой Украина бўйича тинчлик режасини эълон қилди. Европа Иттифоқи ва НАТО Хитойнинг Украина бўйича тинчлик келишуви режасига муносабат билдирди
Хитой Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича ўзининг тинчлик режасини можаро бошланганининг бир йиллиги муносабати билан 24 февраль куни тақдим этди. Тинчлик режаси 12 банд, жумладан, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, тинчлик музокараларини қайта бошлаш ва бир томонлама санкцияларни тўхтатишни ўз ичига олади. Шунингдек, Хитой барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига риоя этиш келтирилган. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича Хитой таклиф қилган ҳужжатни «Пекин ва Москва ўртасидаги дўстлик» фонида кўриб чиқишини маълум қилди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса Хитойнинг тинчлик режасини шарҳлар экан, Пекин «жуда ишончга эга эмас»лигини айтиб ўтган. Шунингдек, Польша президенти Анжей Дуда Хитой томонидан келишув бўйича тақдим этилган таклифлар ва Киев расмийларининг бу қадамга муносабати тинчликка йўл бўлиши мумкин деб ҳисоблашини маълум қилди. Бироқ Хитойнинг Россия—Украина бўйича тинчлик режаси Киевда қабул қилиб бўлмас деб топилди. Олий Рададаги «Халқ хизматчиси» президентлик фракцияси раҳбари Девид Арахамиянинг фикрича, Украинадаги можарони «тинчлик» билан ҳал қилиш ҳақидаги гаплари Киев учун мос келмайди.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: