21:00 | 27.02.23

                       

Бугун оқшоми. Ўқувчиларга берилган чирик олмалар, Қатар амирига етказилган Мирзиёевнинг мактуби ҳамда IT’чиларга берилган янги имконият

@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Ғафур Ғуломнинг ‘Шум бола’ қиссасида айтилганидек молга тўғраб берса мол ҳам емайдиган олмалар»: Қорақалпоғистонда ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани аниқланди

Фото: Жўқорғи Кенгес

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси топшириғи билан Кегейли туманидаги мактабларда текширув ўтказилди. Натижада тумандаги 1, 8, 19 ҳамда 55-сонли мактабларда бир қатор камчиликлар аниқланган. Хусусан, болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрга жавоб бермаслиги, шунингдек, ичимлик суви билан таъминланмагани, иссиқ чой билан таъминлаш учун эса шароит тўлиқ яратилмагани маълум бўлган. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати талаб даражасида эмаслиги, жумладан, олма шарбати истеъмолга яроқсиз экани ҳамда ўқувчиларга чириган ҳолатдаги мевалар берилаётгани маълум бўлган.

Нодавлат таълим ташкилотларида IT соҳасида ўқиётган ёшларга таълим кредити ажратилади

Фото: Bugun.uz

Ҳукумат қарори билан нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Янги низомга кўра, таълим кредитлари БҲМнинг 65 бараваригача бўлган миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатгача 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахсларга ажратилади. Таълим кредитини олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига бир қатор ҳужжатларни тақдим этилиши шарт.

Ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланишга рухсат берилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент қарори билан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш, хусусан, давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёзлар берилади. Шунингдек, 2023 йилда муҳтож шахслар хорижий технологиялар асосида тайёрлангансифатли замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари, шу жумладан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади.

Қарор билан 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади. Стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади ҳамда ушбу шахслар учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади.

Ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш институтини ташкил этиш таклиф қилинди

Фото: Shutterstock

Адлия вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муҳокамаларида фуқаролардан 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Таклифлар орасида маҳаллий Кенгашларга ҳам ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш ваколатини бериш ҳақидаги таклиф ҳам бор. Бугунги кунда Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, яъни ҳокимларга нисбатан у ёки бу вакиллик органи ёки ташкилот томонидан ишончсизлик вотумини билдириш бўйича нормалар ўрнатилмаган. Шу сабабли ҳозирда маҳаллий вакиллик органлари ваколатларини кучайтириш, уларни халқ вакиллари сифатида ижро органлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериши ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида ҳокимларга ва кенгашга ҳисобот берувчи шахсларга ишончсизлик вотумини билдириш юзасидан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этиляпти.

Сардор Умрзоқов Қатар амирига Шавкат Мирзиёевнинг мактубини етказди

Фото: «Diwan.gov.qa»

Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Қатар расмийлари эълон қилган маълумотга кўра, мактубда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, уларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз боради. Шунингдек, унда Ўзбекистон ҳамда Қатар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам тилга олинган.

Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Тўра Боболов янги лавозимга тайинланди

Фото: Савдо-саноат палатаси

Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Тўра Боболов 24 февраль куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида ўтказилган Ўзбекистон-Озарбойжон ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилишида Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон томони ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси сифатида иштирок этган.

Хўш, дунёда нима гап?

«Россия босқини Қримдан бошланди. Уни қайтариб, тинчликни тиклаймиз» — Зеленский. Украина президенти Донбассдаги Бирлашган кучлар қўмондонини лавозимдан бўшатди

Фото: Telegram / Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали 2014 йилда Қрим парламенти биноси олдида ярим оролнинг Украина таркибидан чиқарилишига қарши ўтказилган митинг ҳақида пост жойлади. Унда президент Россиянинг босқини 9 йил олдин Қримдан бошланганига эътибор қаратган. Симферополдаги Қрим парламенти биноси қаршисида ўтказилган митингда намойишчилар Қримнинг Украина таркибидан чиқишига қарши норозилик билдирган. «Қрим бизнинг еримиз. Бизнинг одамларимиз. Бизнинг тарихимиз. Биз Украинанинг ҳар бир бурчагига мамлакатимиз байроғини қайтарамиз», дея ёзиб қолдирган Зеленский. Маълумот учун, Қрим 2014 йилда Владимир Путин томонидан ўтказилган референдум натижалари бўйича Россия таркибига қўшилганди. Шунингдек, Зеленский Украинанинг Донбассдаги Бирлашган кучлар операцияси қўмондони генерал-майор Эдуард Москалевни лавозимдан олди. Москалев қўмондон лавозимига 2022 йил 15 мартда тайинланган эди. Украина президентининг фармойишида генералнинг нима сабабдан ишдан олингани кўрсатилмаган.

Туркияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 44 минг кишидан ошди

Фото: Getty Images

Туркия Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси бошлиғи Юнус Сезарнинг айтишича, мамлакат жанубида 6 февраль куни юз берган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 44 370 кишига етди. Ҳозирда вайрон бўлган 21 мингта бино ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари якунланган. Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, айни вақтда табиий офат оқибатларини бартараф этишга 230 мингдан ортиқ давлат хизматчилари жалб этилган.

Германия Путинга сигнал сифатида АҚШ ва Полша билан ҳарбий машғулотлар ўтказишини эълон қилди

Фото: Getty Images

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Германия, АҚШ ва Полша ҳарбийлари Полша ҳудудида қўшма машғулотлар ўтказишини маълум қилди. Манёврлар тез кунларда бошланиши кутилмоқда. Писториуснинг сўзларига кўра, машқлар Болтиқбўйи ва Шарқий Европа давлатларини қўллаб-қувватлаш белгиси бўлиб, Германия ва Қўшма Штатлар НАТО аъзолари сифатида мудофаа мажбуриятларини бажараётганини кўрсатади. Шунингдек, унинг таъкидлашича, ҳарбий машғулотлар Путин ўйлаганидек НАТОнинг кучсиз эмаслигини кўрсатиб беради.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: