21:00 | 24.01.22

                       

Бугун оқшоми. Сериалдаги беҳаё саҳна сабаб аниқланган манфаатлар тўқнашуви, бекор бўлган экспресс тест, одамларга чип ўрнатишни бошлайдиган Илон Маск

24 январнинг муҳим хабарларини битта дайжестга жойладик

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Машҳур кинода «ҳамма рақсга тушсин!» дегандек, Наманган вилояти ҳокими «барчага менинг ҳисобимдан дўппи тарқатилсин!» дебди. Дўппи кийиш — яхши, уни ўзи хоҳлаб кийиш — унданам яхши. Энг зўри эса ҳоким ушбу дўппиларни ҳақиқатдан ҳам ўз пулига олгани (агар шундай бўлган бўлса, зўр, демоқчимиз). Хай, бош омон бўлса, дўппи топилади. Биз дайжестнинг асосий қисмига ўтақолайлик.

Коронавирус: кунлик касалланиш ҳолатлари (анти)рекорд ўрнатишдан тўхтади, Ўзбекистонга киришда олинадиган 5 долларлик экспресс тест бекор қилинди.

Ўзбекистонда 24 январь куни 1296 кишида коронавирус аниқланиб, жами беморлар сони 215 минг 63 нафарга етди. Бу кетма-кет ўрнатилган антирекордлардан кейинги биринчи пасайиш ҳолати.

Фото: ЎзА

Кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мамлакатга киришда экспресс-антиген тест топшириш талаби бекор қилинди. Энди йўловчиларда фақатгина 48 соатдан ошмаган манфий натижали ПЗР тестининг ўзи бўлиши етарли.

Роппа-роса 10 кун амалда бўлган бу тартибнинг бекор бўлганига тайинли изоҳ берилмаган (уни амалда киритишда изоҳ берилмаганидан кейин бекор бўлишида берилармиди?!). Аммо ушбу давр мобайнида Ўзбекистонга кириб келган барча йўловчилар 5 доллар турувчи экспресс топширишга мажбур бўлди. Тестни эса қайси ташкилот / фирма / МЧЖ олгани маълум эмас.

Ўзбекистонда киберхавфсизликни таъминлаш ДХХга топширилмоқда. Кўриб чиқилаётган қонунда соҳадаги ваколатли орган Давлат хавфсизлик хизмати этиб белгиланган.

Фото: «Халқ сўзи»

Депутат Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Ушбу қонун (лойиҳаси) билан Ўзбекистон кибермаконида киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш; соҳа саноатини рағбатлантириш, ривожлантириш учун ҳуқуқий базани яратиш; соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш, миллий операцион тизим ва дастурий таъминот яратиш кўзда тутилмоқда.

Дарахтлар «қатлиоми» давом этади: Қарши давлат университетида 38 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди. Бунда етказилган зарар миқдори 267 миллион сўмдан зиёдроққа баҳоланмоқда.

Фото: Telegram/ @ekologuz

Университет маъмурияти давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилган. Ҳар сафар рад жавоби берилган. Аммо, шунга қарамасдан, жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилган.

Фото: Telegram/ @ekologuz

Ҳозирда ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинган. Ҳодисага оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 миллион 543 минг сўм миқдорида ҳисобланди.

Сериалдаги беҳаё саҳна сабаб Кинематография соҳасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланди.

Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг қариндошларига қарашли МЧЖ манфаатлари кўзланиб, бюджетдан катта пул ажратилган. Ишни прокуратура кўриб чиқади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.

Фото: Кинематография агентлиги

Қатор ҳолатларда (улар билан бу ерда батафсил танишиб чиқишингиз мумкин) Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги МЧЖнинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган.

Ҳаммаси қандай бошлангани, нималар бўлганию, ким нима дегани ҳақида батафсил: «Масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?» — «Sevimli»даги сериаллар муҳокама марказида. Ким нима дейди?

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Шавкат Мирзиёев 25 январь куни дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган «Марказий Осиё давлатлари–Хитой» онлайн саммитида иштирок этади;
  • Фарғона шаҳрига 38 ёшли Восил Назаров ҳоким этиб тайинланди. У бунгача Боғдод тумани раҳбари лавозимида эди. Назаровгача шаҳар ҳокими бўлган Мирзоҳид Убайдуллаев иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори этиб тайинланганди;
  • Тошкент шаҳри Юнусобод туманига эса Баҳодир Абдувалиев ҳоким этиб тайинланди. У бунгача Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган;
  • Ҳеч бўлмаса, Тошкент шаҳар бўлиб қолсин. Кўп муҳокамаларга сабаб бўлган жамоат транспорти масаласи ҳақида «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов фикр юритди;
  • Яна транспорт ҳақида: Табақалаштирилган йўлкира, пулли тўхташ жойлари, «яшил» транспорт. Пойтахт транспорт инфратузилмасини ривожлантириш концепцияси ҳақида батафсил.

Хўш, оламда нима гап?

Ўзбекистон ёлғиз эмас: БАА ҳукумати дрон учиришни тақиқлади. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ҳутийлар Абу-Дабида 17 январь куни учувчисиз мослама ёрдамида ҳаво ҳужумлари уюштирилгани сабабли мамлакатда дронлар учиришни тақиқлади.

Энди ҳақиқатдан ҳам одамларга чип ўрнатилади. Фақат бу ишни (пандемия бошида айтилганидек) Билл Гейтс эмас, Илон Маск қилади.

«Tesla», «SpaceX» ва бошқа бир қатор лойиҳалар асосчиси ва раҳбари Илон Маскнинг дунёдаги биринчи имплантация қилинадиган мия-компьютер чипини ишлаб чиқарувчи «Neuralink» компанияси 2022 йилдан инсонларда чипни синовдан ўтказишни бошлайди.

Фото: «Neuralink»

«Neuralink» имплантаси жуда ихчам, танга шаклидаги 23×8 миллиметрдан иборат. Ундан олинган маълумотлар мегабит тезликда ва 10 метргача бўлган диапазонда узатилади. Чип батареяси сутка давомида ишлайди. У тунги вақтда магнит зарядлаш мосламаси ёрдамида қувватланади.

Мазкур чип туфайли «Neuralink» компанияси одамларни биринчи навбатда неврологик касалликлардан даволашга умид қилмоқда. Бундан ташқари, қурилма гормонларни назорат қилиш, депрессияга қарши курашиш ва ҳатто миянинг янада самарали ишлашига имкон беради. Нейрочипни имплантация қилиш бўйича операция роботлаштирилган бўлади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: