14:28 | 05.12.23

                       

Ўзбек жиноят оламининг қора кунлари: «Зарбдор 40 кунлик»да кимлар қўлга олинди?

Ўзбекистонда ўтказилаётган «мафия ови» ҳақида батафсил маълумот. Кимлар ва нима учун қўлга олингани ҳақида билиб олинг

2023 йилнинг декабр ойи Ўзбекистонда жиноят олами вакилларининг «овланиши» билан тарихда қоладигангфа ўхшайди. Сўнгги кунларда криминал олам вакилларига нисбатан мисли кўрилмаган рейдлар уйиштирилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг Тошкент ва бошқа бир қатор вилоятларда ўзказаётган «зарбдор 40 кунлик» рейдларида барча криминал авторитетлар ва уларга алоқдор шахслар ҳибсга олинишда давом этмоқда.

Ўзбекистонда ўтказилаётган бу амалиёт 2000 йиллар бошида Грузияда бошланган мафияга қарши курашни ёдга солаётгандек. Михаил Сакашвили раҳбарлиги остидаги Грузия ҳукумати ўша даврда мамлакатда чуқур илдиз отган жиноят оламига қаттиқ зарба берган эди.

Bugun.uz Ўзбекистонда кузатилаётган «мафия ови» ҳақида батафсил маълумот беради.

Jah Khalib концертидаги сохта чипталар

Жорий йилнинг 25 ноябр куни пойтахтдаги Ҳумо арена муз саройида Қозоғистонлик таниқли репер Jah Khalib’нинг концерт дастури олдидан катта тартибсизликлар юзага келди. Айтилишича, тартибсизликнинг сабаби мухлисларга сотилган сохта чипталар бўлган.

Ҳумо арена

Кўплаб одам муз саройига киришга уринган ва тўс-тўпалон вужудга келган. Воқеа жойига Миллий гвардиянинг махсус баталони етиб келган ҳамда одамларни тарқатишга ҳаракат қилган. Оқибатда аксар мухлислар реппернинг концертига кира олишмаган.

Ҳумо арена

Айрим мухлислар сотиб олинган электрон чипта қалнаки эканини билишмаган. Ҳатто бир чипта бир қанча одамларга ҳам сотилган бўлиши мумкин. Тартибсизликларда бир нечта шахслар ҳибсга олинган.

Мафияни овлаш

Ўзбекистон Махсус хизматлари Jah Khalib концертида қўлга олинган ҳуқуқбузарларни тергов қилиш жараёнида улар орасида республиканинг турли бурчакларидан келган жиноий гуруҳлар вакилларининг ҳам борлигини аниқлади. Яна айтилишича, мафия концерт учун сотилган сохта чипталарга ҳам алоқадор бўлган.

Bugun.uz манбасига кўра, махсус операцияга тайёргарлик бир неча ой олдин бошланган ҳамда махсус хизматлар рейднинг барча деталларини аниқ ишлаб чиққан.

Ҳумо арена яқинидаги тартибсизликлардан сўнг республиканинг барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарияти билан бир неча бор ёпиқ мажлислар ўтказилиб, махсус операцияни тезлаштиришга қарор қабул қилинган ва кенг кўламли тозалаш операцияси бошланган.

Миллий гвардия расмий муносабатида мафия вакиллари билан тўқнашувлар содир бўлгани рад этилган.

Миллий гвардия мулозими ишдан олинди

Ҳумо Аренада тартибсизликлар фонида Тошкент шаҳар Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи Атамурад Аҳмедов лавозимидан озод қилинган. Bugun.uz‘dagi маълумотларга кўра, Аҳмедов тартибсизликлар келиб чиқишига жавобгар сифатида жазоланган.

Атамурад Аҳмедов

У оммавий тадбирлар вақтида хавфсизлик таъминланмаганлиги ҳамда ташкилий масалаларда йўл қўйилган камчиликлар сабаб ишдан олинган.Бироқ, Атамурад Аҳмедовнинг ишдан олиниши сабаби сифатида унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар кўрсатилиши қарор қилинган.

Мирзаакбар Мадумаров Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Операция сабаблари

Bugun.uz нашри республикада ўтказилаётган тадбирларга аниқлик киритиш мақсадида бир қанча маълумотларга эга бўлди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйлаб махсус хизматлар томонидан ўтказилган рейдлар давомида жиноий гуруҳларнинг 200 дан ортиқ аъзолари, асосий раҳбарлари қўлга олинган.

Bugun.uz‘нинг ишончли манбаларининг иддао этишича, бу рейдлар маълум вақтда бери режалаштириб келинган.

Bugun.uzʼдаги мавжуд маълумотларга кўра, жиноятчилар ноқонуний қиморхоналарни тўлиқ назорат қилган. Улар ичида ҳатто ноқонуний ўйин автоматлари жойлашган казинолар ҳамда фақат тор доирадаги одамлар кириши мумкин бўлган покер клублари ташкил этилган.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган суриштирувлар Бахти Ташкентский ва унинг укаси Дилшодга алоқадор бир қатор жиноятларни, жумладан, тадбиркорлардан ўлпон ундириш кабиларни аниқлайди.

Бахти Ташкентский.
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Бу ака-укадан ташқари, жиноий оламнинг бошқа «кўзга кўринган» шахслари ҳам махсус хизматлар томонидан аниқ ва пухта режалаштирилган операция давомида қўлига олинган. Хусусан, ОАВларда Саидаз Медгородок лақаби билан машҳур Саидазиз Саидалиев ва унинг шериклари ҳам ҳибсга олинган.

Рейдлар бўйича расмий муносабат

2 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ ўтаказилаётган рейдлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказаётгани айтилган.

«Ҳурматли фуқаролар! Хавфсизлик қоидаларига риоя этишингизни ва хавотирга берилмаслигингизни сўраймиз. Барча ҳаракатлар шаҳримизнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда», дейилган шаҳар ИИББ хабарида.

Қайд этилишича, ушбу тадбирлар шаҳар ҳудудида жиноятларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Бахти Ташкентский ва бошқа гумонланувчилар

3 декабр Тошкент шаҳар ИИББ «вор закон» Бахти Ташкентский (Бахтиёр Қудратуллаев) юзасидан ҳам расмий маълумот берди. Бошқарманинг таъкидлашича, Қудратуллаев билан бир қаторда яна кўплаб шахслар гумонланиб, қўлга олинган.

Жумладан:

  • 1971 й.т. Қудратуллаев Бахтиёр Зафарович (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 276-модда 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш);
  • 1980 й.т. Шарипов Дилшод Тулкинович (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
  • 1972 й.т. Мирзаханов Анвар Бабаражабович (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик).

Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга ҳилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган. Жиноят иши доирасида гумон қилинган шахслар процессуал тартибда ушланган.

Республика бўйлаб рейдлар

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган рейдлар кейинги кунларда Фарғонага ҳам кўчди. Вилоятда ўтказилган махсус тадбирлар мобайнида 22 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Шунингдек, умумий ҳисобда 248 нафар шахснинг яшаш ва бошқа манзилларида тезкор қидирув тадбирлари ўтказилган.

Фарғонада қўлга олинган гумонланувчилар.
Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 41 та қурол, ўқ дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар, 45 дона турли хил компютер, телефон ҳамда диний адабиётлар олинган.

Суд ва тергов органларидан яширинган 37 нафар қидирувдаги шахслар ҳам ушланган.

Фарғонадафги рейдларда ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам қўлга олинган. Тўхтамуродов  гуруҳбозликка интилиб, атрофига турли хил тезкор вазиятга салбий таъсир қилувчи шахсларни йиғиб, Қўқон шаҳрида икки нафар шахсга тан жароҳати етказган. Спортчи ҳодиса жойидан яширинган вақтда, тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Ҳумоюн Тўхтамуродов.
Фото: olamsport.com

Bugun.uz манбасининг таъкидлашича, Республика бўйлаб ўтказилаётган рейдлар Фарғонадан сўнг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ҳам етиб борди. Ушбу рейдлар давомида жиноий гуруҳларни аниқлаш ва уларнинг аъзоларини қўлга олиш мақсад қилинган.

Салимбойвачча ҳибсга олинди

Пойтахтдаги тадбирларда халқ орасида Салимбой номи билан машҳур бўлган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Салим Абдувалиев ҳам қўлга олинди.

Салимбой Абдувалиев.
Фото: uzmetronom.com

У ўзининг Тошкентдаги уйидан олиб кетилгани айтилган бўлсада, Абдувалиев ҳақида бирон бир расмий маълумот берилмаган.

Kun.uz нашрининг иддао этишича, Салимбойга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказмоқда. Салим Абдувалиев 2017 йил январидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг вице-президенти ҳисобланади.

Ғофур Раҳимов қидирувга берилдими?

Ўзбекистондаги зарбдор 49 кунлик тадбирлари фонида бир қатор таниқли шахсларга оид ахборотлар тарқалди. Ҳудди шундай хабарлардан бири, Ўзбекистон Бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимовнинг қидирувга берилганидир.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Bugun.uz бир қанча маълумотларга эга бўлди. Жумладан, нашрнинг ишончли манбасининг иддао қилишича, Раҳимовнинг қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар тўғри эмас.

Ғофур Раҳимов.
Фото: CentralAsia.media

Шунингдек, Bugun.uz манбаси Бутунжаҳон ногиронлар фондининг раҳбари Равшан Муҳитдинов (Равшан «Золотой») қидирувга берилгани ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда унинг қидирувга берилгани билан боғлиқ хабарлар ҳам болалаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: